Самарқанд шаҳрининг бош режаси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 январдаги қарори асосида Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурга мувофиқ “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган бош режасини ва марказий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Дастурга кўра бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаси “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда Хитойнинг “China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd” компаниясининг мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Лойиҳа белгиланган тартибда дастлаб Самарқанд вилояти ва шаҳри мутасадди ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, кейинги босқичда республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Жорий йилнинг июль ва август ойларида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар масъуллари иштирокидаги муҳокама қилинган бош режа лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги муносабати билан 1991 йилдан буён Самарқанд мамлакатимизнинг энг қадимий шаҳарларидан бири мақомига эга бўлиб, ўзининг барча даврларининг ноёб тарихий, маданий, маънавий ва меъморий хусусиятларини сақлаб қолди. Бугунги кунда Самарқанд шаҳри аҳолиси 529 минг кишини ташкил этади. 11198 гектар ер майдонига эга бўлган шаҳар йирик иқтисодий, маъмурий, сиёсий, илмий, таълим ва маданий марказ ҳисобланади.
Самарқанднинг ноёблиги ва унинг жаҳон маданиятидаги улкан тарихий ва маданий аҳамияти, унинг ривожланишида асосий омил ҳисобланади. Янги Бош планнинг вазифасига шаҳарсозликнинг яхлитлигини, яъни, у ердаги табиий шароитларни, ёдгорликлар ва уларнинг атрофини, жамият ҳудудларини, маҳаллаларни, инфратузилмаларни ва Ислом маданиятини ва унинг маънавий меросини асраб келаётган самарқандликларнинг ҳаёт тарзини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган.
2001 йилда бўлиб ўтган Жаҳон мероси қўмитасининг 25-сессиясида Самарқанднинг тарихий маркази “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номинациясида ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Жаҳон меросининг муҳофазаси тарихий ҳудудлар ва қурилиш ҳудудларининг чегараларини ўрнатиш билан амалга оширилади. Жаҳон мероси рўйхатига бутун Афросиёбнинг археологик шаҳри, эски, яъни Темурийлар шахри ва Ўрта Осиёни Россияга қўшилиш даврига оид шаҳарнинг Европа қисми кирган. Қурилиш бошқаруви тарихий ва замонавий қурилишларни қаттиқ назорат қилиниши, хусусан, шаҳарнинг тарихий даврлари шаклланишини сақлаб қолиниши қаттиқ назорат қилиниши кўзда тутилган.
Маданий хилма-хилликни аниқлаб ва тарғиб қилиш орқали “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объектининг тарихий хусусиятини сақлаб қолиш зарур. Самарқанд шаҳар бош плани, шаҳардаги тарихий ландшафтларни сақлаб қолишга ва уларни тиклашга йўналтирилган. Бу эса ўз ўрнида, шаҳар ҳаётидаги кейинги даврларнинг сифатли ривожланишининг пойдевори бўлиб, унинг янада барқарор ривожланишини таъминлайди.
Шаҳарнинг жойлашуви. Самарқанд шаҳри Ўзбекистоннинг марказида, бир томондан қадимги маданият, иккинчи томондан эса автомобил йўллари, замонавий темир йўллари ва ҳаво йўлларининг бирлашмасида жойлашган. Ўзининг қулай иқтисодий ва географик жойлашуви туфайли, Самарқанд шаҳри бутун регион маркази сифатида шаклланиб, жадал ривожланмоқда. 2040 йилга келиб, аҳоли сони 1 миллионга, шаҳар ҳудуди эса 30 000 гектарга етади.
Минтақавий мувоффиқлаштириш. Самарқанд шаҳрининг Бош планида Самарқанд агломерациясининг қўшни аҳоли пунктлари билан ўзаро манфаатли иқтисодий ривожланиши, сайёҳлик ижтимоий соҳа, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси, экологик муҳит, саноат ва бошқа омиллар орқали эришиш учун минтақавий мувофиқлаштириш орқали шаҳарни жадал интеграллашган ривожланиши кўзда тутилган.
Саноат. Бош планда, шаҳар аҳолисининг ўсишини инобадга олган холда, мавжуд саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги саноат корхоналарини барпо этиш кўзда тутилган. Қурилиш, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи корхоналарни жадал ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги, енгил, озиқ-овқат ва маҳаллий саноат корхоналари, кимё корхоналарининг ўсишини камайтириш, саноатнинг асосий йўналишларини ташкил этади.
Экологик муҳит. Атроф муҳитни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат. Атмосферага ва сув ҳавзаларига бўлган зарарни камайтириш мақсадида санитария томондан зарарли корхоналарни шаҳардан чиқариб ташлаш, яшил санитария зоналарини яратиш, автотранспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш учун экологик стандартларни ошириш, вентиляция коридорларини сақлаш. Шунингдек, ҳозирги аэропортни шаҳар чегарасидан чиқариб, халқаро стандартларга жавоб берадиган янги аэропортни қуриш.
Транспорт. Бош планда тарихий ҳудуд ичидаги ва ташқарисидаги турли хил йўл ҳаракати қоидаларини яратиш, тарихий ҳудуддаги транспорт тармоғига бўлган юкланишни камайтириш ҳам кўзда тутилган. Йўлларнинг микроциркуляциясини яратиш мақсадида, мавжуд бўлган йўлларни қайта тиклаш, жамоат транспорти тизимини фаол ривожланиши, шунингдек, пиёда ва велосипедлар учун шароитлар яратиш режалаштирилган.
Уй-жой ҳудуди. Бош план фаровон ҳаёт муҳитини яратишга йўналтирилган бўлиб, анъанавий туманлар маҳаллаларнинг турмуш тарзини энг юқори даражада сақлаб қолади. "Янги туман" ва "Янги шаҳар" тушунчалари турли баландликдаги турар-жой майдонларини қуришда, босқичма-босқич тенденцияларни англатади ва турли хил ва юқори сифатли яшаш муҳитларини яратишга қаратилган. Автотранспортсиз кўчалар, шахсий ҳаётни жамоат ҳаётидан ажратиш, пиёда ва яшил ҳудудлар, архитектуранинг хилма-хиллиги, ижтимоий инфратузилмаларнинг 15 дақиқалик масофада жойлашиши кўзда тутилган.
Маъмурий-ижтимоий марказлар, ижтимоий соҳанинг ривожланиши. Аҳолининг турли қатламлари учун қулай ҳаёт муҳитини яратиш мақсадида, Бош пландаги маъмурий, маданий ва савдо-кўнгилочар объектларни жойлаштиришда қулай транспорт ва пиёдалар йўлларини боғланиши ҳисобга олинган. Жамоатчилик ҳудудлари ва ижтимоий инфратузилма аҳолига кенг кўламли хизматлар кўрсатиш билан шаҳар аҳолиси учун алоқа марказларини яратиш орқали туманлар, микрорайонлар ва маҳаллалар аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун яратилган.
Шаҳардаги замонавий санъатни қўллаб-қувватлаш мақсадида мактаблар, болалар боғчалари, музейлар, маданий марказлар ва кўргазма заллари, намойиш ва харид қилиш жойлари каби маданий объектлар қуриш режалаштирилган. Шаҳарнинг ноёб тарихи ва архитектураси, турли архитектура услубларига алоҳида эътибор бериш, уларнинг эффектив бирлигини аниқлаб ишга солиш, Самарқанд аҳолисининг анъанавий турмуш тарзини намойиш этиш учун тарихий маҳаллалардан фойдаланиш кўзда тутилган. Мақсад – Самарқандни, Ўрта Осиёнинг замонавий санъат марказига айлантириш.
Яшил ҳудудлар. Яшил ҳудудлар яшил майдонларнинг ривожланган тизими сифатида лойиҳаланган. Яъни, шаҳар ва туманларда янги паркларни барпо қилишни, пиёдалар хиёбонлари, дарёлар, ариқлар ва каналлар атрофида боғлар яратишни ва шаҳарнинг тарихий тоғли ландшафтларини ва Чўпон-ота тепалигини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиниши кўзда тутилган.
Спортва дам олиш жойлари. Спорт ва дам олиш ҳудудларини яратиш бутун аҳолининг жисмоний тикланишига, бўш вақтни ўтказиш ва дам олиш соҳасини фаол ривожланишига, аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Шаҳарнинг муҳандислик ва техник таъминоти. Шаҳарнинг муҳандислик ва техник таъминоти, унинг келажакдаги барча талабларини қондира олади. Мавжуд бўлган инфратузилманинг қайта тикланиши ва янги муҳандислик коммуникацияларни қуриш, шаҳарнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга қаратилган.
Туризм. Бош планда маданий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Миллий иқтисодиётнинг етакчи сектори ҳисобланган туризм, шаҳар иқтисодиётининг устувор соҳасига айланади. Бунга ривожланган сайёҳлик маршрутлар тармоғи, сайёҳлик марказлари, меҳмонхоналар тармоғи, туристик хизмат кўрсатиш корхоналари, этнографик музейлар ва қўриқхоналарни яратиш орқали эришилади.
Зарафшон дарёси ва Дарғом канали ўртасида бионик тарзда ривожланадиган, ихчам ва инклюзив, иқлимга чидамли шаҳар шаклланади. Шаҳарнинг мавжуд режавий тузилиши максимал даражада сақланиб қолинмоқда. Тарихий ҳудуд эса ривожланаётган шаҳарнинг бир қисми сифатида меъморчилик захирасига айлантирилади.
Бош планнинг мақсади – ривожланиш орқали муҳофазалаш ва муҳофазалаш орқали ривожланиш ҳисобланади. Шаҳарнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун самарали ва мослашувчан планлаштириш тизимини яратилиши орқали 21 аср ўрталаридан бошлаб уни мунтазам равишда ривожланиши, Самарқандни қадимий Ўрта Осиё цивилизацияси маркази ва замонавий ривожланаётган шаҳар сифатида дунё миқёсида юксалтириш имконини беради.
Самарқанд вилоят Қурилиш бош
бошқармаси ахборот хизмати.