Самарқанд шаҳрининг меъморий кўриниши қандай бўлади?
Самарқанд - дунёга машҳур тарихий шаҳар. Ўтмиши ва бугуни билан жаҳонга таниқли, афсонавий шаҳарнинг истиқболи ҳам порлоқ бўлмоғи керак. Самарқанднинг ёзи иссиқ ва қуруқ, куз ва баҳорда эса ёмғирлар кўп ёғади. Бундай шароит туристларга, айниқса, иссиқ иқлимга мослашмаган хорижий сайёҳларнинг шаҳарда эркин, пиёда ҳаракатланишига маълум даражада ноқулайлик туғдиради.
Келажакда Самарқанд шаҳрининг энг гавжум туристик маршрутлари бўйлаб, яъни Амир Темур мақбараси, Руҳобод, Регистон ансамбли, Ислом Каримов мемориал хиёбони, Тошкент кўчаси, Бибихоним меъморий мажмуаси, Ҳазрати Ҳизр масжиди, Ислом Каримов мақбараси, Шоҳи Зинда мақбаралар ансамбли, Афросиёб тарихий музейи ва Улуғбек расадхонаси каби маданий мерос объектларини бир-бирига боғловчи ер усти пиёда йўлини ташкил қилиш лойиҳасини илгари суриш мумкин. Бу йўл ер устида 4-5 метр баландликда бўлиб, ҳавфсизлик таъминланган, жазирама қуёш нуридан, қор ва ёмғирлардан тўсилган, икки атрофи очиқ галереяга ўхшаш ечимга эга шаффоф йўл бўлади. Туристларга ердаги транспорт ҳаракати мутлақо ҳалақит бермайди. Туристлар йўл-йўлакай атроф-муҳитни ва обидаларни юқоридан туриб расмга ҳам туширишлари мумкин бўлади. Ёдгорликлар олдига борганда улар пастга ҳаракатланувчи зиналар орқали тушади ва яна қайтиб чиқишлари мумкин. Бу йўлнинг тузилиши архитектурада замонавий бионикага асосланган бўлиб, у визуал тарзда жонли организмнинг тектоник қурилишини эслатади ва Самарқанд келажаги учун янгилик бўлади, энг муҳими туристларга қулайлик яратади.
Эслайсизми, кимдир туристлар учун Самарқанднинг тарихий қисми узра осмондан канат йўлини таклиф қилган эди. Бизнинг юқоридаги таклифимиз ундан кўра анча арзон тушади ва туристларга ўша канат йўли берадиган тасаввурни ва ундан ҳам қулайроқ имкониятларни яратади.
Қадим замонлардан буён дунё маданияти тараққиётида муҳим ўрин тутиб келган Самарқанд меъморчилигига, дунё халқларининг қизиқиши бугунги кунда янада ортиб бормоқда. Биз бундай воқеликдан самарали фойдаланиш йўлларини ахтаришимиз зарур. Маълумки, Ўрта Осиё мамлакатлари архитектураси, ўзининг анъанавий хусусиятларига эга бўлиб, улар чуқур маҳаллий илдизларга эга.
Архитекторни четдан чақирсак
Самарқанддек шаҳарнинг келажаги билан боғлиқ меъморий объектларни лойиҳалаш ва қуриш ишларини, Самарқандни яхши биладиган ва бу шаҳарга астойдил меҳри тушган, таниқли чет эл архитекторлари ва компанияларига тендер асосида топшириш мақсадга мувофиқдир. Ўрта Осиё меъморчилигининг тараққиёти учун машҳур архитекторлар, Норман Фостер, Заха Хадид, Даниель Либескинд, Рем Колхаас, Сантьяго Калатрава, Бернард Чуми, Питер Эйзенман, Манфред Николетти, Эрик Моос ва бошқалар ўзларининг замонавий лойиҳаларини таклиф қилган ва қилмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, улар бундай ишни одатда, катта масъулият билан амалга ошириб, халқ меъморий анъаналари ҳамда бу масалада маҳаллий қурилиш шароитларини ҳам эътиборга олади ва энг муҳими, ўзларининг халқаро рейтингларини туширмасликка интилади. Маҳаллий архитекторлар эса, бу ердаги сунъий тўсиқлар ва чекловларга бардош бера олмайди ва ўз қобиқлари ичида қолиб кетади. Аслини олганда, маҳаллий архитекторлар ҳам ғоя жиҳатидан хорижликлардан қолишмайди. Бироқ ўша ғояни амалга оширишда замонавий муҳандислик ечимлари ва техник инновацияларни яратиш имкониятлари хориж муҳандислариникидан кўра, афсуски, анча пастдир.
“Тошкентбошплан ЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда Хитойнинг China Construction Engineering Design Group Corp Ltd компаниясининг мутахассислари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган Бош режаси ва марказий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, атмосферага ва сув ҳавзаларига бўлган зарарни камайтириш нуқтаи назаридан, зарарли корхоналарни шаҳардан ташқарига чиқариш, яшил санитария зоналарини яратиш, автотранспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш учун экологик стандартларни амалга ошириш, вентиляция коридорларини сақлаш каби вазифалар кўзда тутилади. Шунингдек, ҳозирги аэропортни шаҳар ҳудуди чегарасидан чиқариб, халқаро стандартларга жавоб берадиган янги аэропортни қуриш, Зарафшон дарёси ва Дарғом канали ўртасида бионик тарзда ривожланадиган, ихчам ва инклюзив, иқлимга чидамли шаҳар бунёд қилиш мақсад қилинган. Бугунги кунда, янги Самарқанд шаҳрини бошқа жойга кўчириш орқали, янги йўналиш ва тафаккурни кўрсатадиган “Янги Самарқанд шаҳри”нинг қурилишига асос солиш учун барча имкониятлар бор.
Янги шаҳар бинолари янгича бўлиши лозим
Келажакдаги бино ва иншоотлар архитектураси, нафақат ўз функцияларига мос, балки айни пайтда жамият ижтимоий ғояларини ифода этиши ва одамларга эстетик завқ бағишлаши, маҳаллий иқлим шароитлари, миллий-маданий анъаналарга боғлиқ ҳамда энергиясамарадор ҳолда лойиҳаланиши зарур. Унутмаслик керакки, янги ижтимоий эҳтиёжлар ва ғоялар янги турдаги биноларнинг пайдо бўлишига, янги қурилиш муаммолари ва конструкцияларининг яратилишига сабаб бўлади. Бунда, буюртмачиларнинг маданияти ва эстетик диди, иқтисодий имкониятлари ҳамда архитектор ва муҳандисларнинг касбий маҳорати, тажрибаси ва тафаккури ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Албатта, битта-иккита саноқли фавқулодда ажабланарли бинолар барпо этиш билан бутун Самарқандни замонавий шаҳарга айлантириш қийин. Бироқ, айни пайтда Самарқандимиз тарихий шаҳар, деб ҳеч нарса қилмай ўтириш ҳам мумкин эмас. Сўзсиз, Самарқанд тарихий, туристик шаҳар. Биргина шу йўналишнинг ўзини келажакда такомиллаштирган ҳолда ривожлантириш ҳам шаҳар келажагини белгилаб бериши мумкин. Бу борада, айтайлик, Самарқанд шаҳрини келажакда, Имом Бухорий мажмуаси маркази билан узвий боғлаш катта аҳамият касб этади. Ёки Амир Темур боғ-саройларининг бирортасини қайта тиклаш ҳам мазкур йўналишдаги яқин келажак ишларининг биридир. Буни Амир Темурнинг тарихий Боғи Баландидан қолган мавжуд анжирзорлар жойлашган ҳудудда амалга ошириш мумкин.
Ўз даврида Самарқандда мавжуд бўлган Амир Темур арк қалъасини қайта тиклашнинг иложи бўлмаса-да, ушбу қалъа ичида жойлашган обида- Соҳибқироннинг пирларидан бири Қутби Чохар-духум (Нуриддин Басир) мақбараси ва унга туташган арк деворлари ҳамда аркни Регистон билан боғлаган бош дарвозасини қайта тиклаш, арк ҳудудида археологлар топган шоҳона ҳаммом қолдиқларини очиб қўйиш, уларни сайёҳлик объектига айлантириш мақсадга мувофиқ. Ўтмишда, Регистон ёнида жойлашган 9 гумбазли “Бозори Сандуқ”, бир неча асрлар халққа хизмат қилган ҳаммом қолдиқлари (у “Юбилейный” ресторанини қуриш муносабати билан бузиб юборилган) ҳам ер остида қолиб кетган. Уларни топиб, очиш ва туристларга намойиш этиш ҳаракати ҳозирда қисман бошланган, бироқ бошланган иш охиригача етказилиши керак.
Келажакда шаҳар архитектурасининг ранг-баранг пластик услублари, архитектоникаси, жонли табиатга ўхшаш қиёфалари, энергия тежамкорлиги, функциявий универсаллиги каби жиҳатлари билан инновацион хусусиятларга эга бўлиши зарур.
Самарқандда туристлар учун эко-меҳмонхоналар қурилиши ҳам режалаштирилиши лозим. Бу меҳмонхоналар, ҳозирги меҳмонхоналардан ҳар бир номери таркибида жонли табиатга монанд ландшафт дизайни элементлари, қушлар сайраши, меҳмонхона ҳовлисидаги ҳовузида меваларнинг сув юзида қалқиб туриши билан фарқ қилиши керак.
Келажакда автомобилларнинг кўпайиши билан уларни қўйиш ва сақлаш жойларини ўйлаш, янги қурилаётган турар жой бинолари ва жамоат бинолари, айниқса йирик савдо иншоотлари (супермаркет ва гипермаркетлар) остки қаватларида автомобиллар тўхташ ва сақлаш жойларини лойиҳалашни қатъий тарзда белгилаш лозим.
Афросиёбдан қачон кенг фойдаланамиз?
Қадимий Самарқанд – Афросиёб шаҳарчасининг келажаги ҳақида ҳам айрим фикр-мулоҳазаларимизни баён қилмоқчимиз. Ҳозирги кунда, бу қадимий шаҳарча, унинг ҳудудида қурилган замонавий Афросиёб музейи, тарихий шаклланган ва таъмирланган Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси, Хўжа Дониёр ёдгорлиги, Ҳазрати Хизр масжиди ва унинг ёнида жойлашган Ислом Каримов мақбара мажмуаси каби объектларни айтмасак, деярли хароба ҳолида ётибди. Самарқанднинг тарихий шаҳар эканлигини хорижий сайёҳларга ҳозирда фақат Темурийлар даври архитектураси (XIV-XV асрлар) эслатиб туради холос. Ҳолбуки, шаҳримизнинг қадимийлигини визуал кўрсатувчи Афросиёб шаҳарчаси қадим мудофаа деворларининг асл меъморий қиёфаси ўз ўрнида тиклаб қўйилмаган, яъни туристларнинг визуал тарзда айнан қадим Самарқанд шаҳрини кўриб тасаввур қилишларига деярли имконият йўқ.
Тўғри, Афросиёб ҳозирда расмий тарихий археологик қўриқхона шаҳарча ҳисобланади. Бироқ бу туристларнинг шаҳарча ҳудудига кириши мутлақо ман этилган дегани эмас-ку... Буни ушбу жойда қурилган Афросиёб музейи ҳам исботлаб турибди. Шундай экан, яқин келажакда туристларнинг қадим Афросиёб шаҳарчаси ҳудудига кириши, ҳеч бўлмаса, унда амалга оширилган археологик қазилмалар натижасида очилиб, ўрни ва меъморий тузилиши аниқланган Афросиёб аркининг саройлари, бу ерда очилган шаҳар ҳукмдори Вархуман саройининг деворлари, Сомонийлар саройи ва масжиди, қадимий ҳаммомлар ўрни ва уларнинг архитектуравий элементлари билан визуал танишиш учун туристик томоша йўлакларини яратишни таклиф қилган бўлар эдик. Бу йўлакларнинг усти туристларни қуёш нуридан ҳимояловчи замонавий пластик қурилмалар билан ёпилиши керак. Археологик очилмалар усти эса, худди Андижондаги қадим Асака шаҳарчасидагидек қилиниб, қор ва ёмғирлар, шамоллардан ҳимояланадиган мустаҳкам ва енгил, шаффоф конструкциялар билан ёпиб қўйилиши лозим.
Бундан ташқари, Афросиёб ҳудудида X-XII асрларда мавжуд бўлган “яшил ҳайвонот боғи”ни араб олими Ибн Ҳавкал маълумотларига асосан, график қайта тиклаб, боғнинг макети ва уч ўлчамли тасвирини сайёҳларга намойиш этишни ташкиллаштириш зарур. Келажакда Самарқандда Искандар Зулқарнайн армиясига қарши мардонавор курашган халқ қаҳрамони Спитамен сиймоси яратилиши лозим.
Хуллас, Самарқанд шаҳрининг яқин келажаги, мавжуд қадим Афросиёбнинг туризм салоҳиятини янада ошириш билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Бу таклифларни амалга оширишда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларининг кучи ва малакасидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Фақат уларга топшириқ беришда уларни моддий рағбатлантириш масаласини унутмаслик лозим.
А.ЎРОЛОВ, меъморчилик фанлари доктори, профессор.
О.БОБОҚАНДОВ, докторант.