Самарқанд триатлон бўйича яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилади

23-24 август кунлари Самарқандда триатлон бўйича «Challenge Samarkand-2025» халқаро мусобақаси бўлиб ўтади.

Ушбу мусобақа “Challenge Family” жаҳон серияси тадбирининг бир қисми бўлиб, уч йилдан бери кўҳна кентда муҳим спорт тадбирига айланган.

Ўзбекистон триатлон федерацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири олдидан  мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва триатлон юлдузлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, “Challenge Family” мусобақалари бош директори Жорт Влам, “Challenge Family” мусобақалари аъзоси Белинда Грангер ҳамда жаҳон тоифасидаги профессионал триатлончилар - Амелиа Ваткинсон, Макс Стаплей, Сара Перез Сала, Ҳенри Счоеман Марта Логовник, Вилл Драпер ва бошқа таниқли спортчилар иштирок этиб, мусобақа ҳақида фикрларини билдирди. 

Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Куннинг таъкидлашича, турнирда ўттиздан ортиқ мамлакатдан икки минг нафардан зиёд триатлончи иштирок этади. Эртага дастлаб спринт йўналишида ҳаваскорлар беллашувлари старт олади. Кейин болалар ва аёллар пойгаси  ташкил этилади.

Болалар пойгасида энг ёш спортчилар учун масофа 200 метрдан 1000 метргача бўлиб, 300 нафар болалар омадини синаб кўради. 100 нафарга яқин ҳаваскор хотин-қизлар эса 5 километрга югуради. Шундан сўнг триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.

Турнирнинг асосий баҳсларида профессионал спортчилар ўрта масофага 1,9 километр сузиш, 86 километр велосипед пойгаси, 21,5 километр югуриш беллашувларида маҳоратини кўрсатади. Спринт йўналишида эса 750 метрга сузиш, 19 километр велепойга ва 5 километрга югуриш баҳслари ўтказилади.

Иштирокчилар турнир давомида “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳудуди, эшкак эшиш канали, шунингдек, “Боқий шаҳар” мажмуси ва Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари бўйлаб белгиланган масофани босиб ўтади.