Самарқанд туманида электр тармоқлари корхонаси техниги ва ҳисобчисининг фирибгарлиги фош этилди

"Коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида АСКУЭ ҳисоблагичлари ўрнатиш бошлангач, бу ҳолатларга чек қўйилди".

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали коррупцияга қарши курашиш ва комплеанс назорат хизмати раҳбарининг бу гапни айтганига ҳали бир ой ҳам тўлиб улгурмаганди.

Қарангки, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман электр тармоқлари корхонаси техник ходими Р.Р. ва ҳисобчиси С.Т. фуқаро Ф.Б.нинг хонадонида электр тармоғидан фойдаланиш тартибини бузганлиги бўйича баённома расмийлаштирмаслик ҳамда ҳисоблагич кўрсаткичини “0” қилиб бериш эвазига 7,5 миллион сўм олганликлари аниқланган.

Маълум қилинишича, фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулнинг 5 миллион сўми қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.