Самарқанд туманидаги қабристон ери кимники?
Ажабланишга шошилманг. Масала моҳиятини англагач, сизда ҳам шундай савол туғилиши табиий.
- Кўз тегмасин, қишлоғимиз кун сайин катталашиб бораяпти, - деб бошланади, таҳририятимизга Самарқанд тумани Юқори Чордара маҳалласидан келган шикоят хатларидан бири. – Туғилиш борки, ўлим бор. Шу боис, қишлоқ оқсоқоллари келишиб, 2003 йилда туман ҳокимига маҳалладаги қабристонга қўшимча ер ажратишни сўраб мурожаат қилишди (бу ҳақда “Дўстлик” жамоа хўжалиги вакиллар йиғилишининг қароридан нусха мавжуд). Туман ишчи гуруҳи вакиллари келди, шароитни ўрганиб, далолатнома тузди. 2004 йил 1 апрелда туман ҳокимлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), деҳқон ва фермер хўжаликларига ва бошқа ташкилот, корхоналарга ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг баённомаси имзоланди. Орадан бир ой ўтиб, 2004 йил 1 майда туман ҳокимининг қарори чиқди. Қарорда қабристон учун босқичма-босқич 3 гектар ер ажратилиши белгиланди.
Муддао нима?
- Бугун айрим раҳбарлар ўйлаганидек, “ишкал” излаб юрадиган одам эмасман, - дейди мурожаат муаллифи Солежон Азизов. - Аммо ҳақиқатни ахтариб шунақа ном орттираман, шекилли.
Яшириб нима қилдик, қабристонлардаги мавжуд аҳвол жойлардаги кекса кишилар ва аксарият имомлар эътибор қиладиган ишга айланиб бормоқда. С.Азизов билан ҳам қарийб шундай бўлган. У 2004 йилда туман ҳокимининг қарори билан қабристон учун 3 гектар ер ажратилганини биладиган саноқли кишилардан бири сифатида бу жойнинг чегараларини белгилаб бериш учун туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига мурожаат қилади. Билсаки, ер йўқ. Нега?
Шикоят муаллифига 2019 йил 29 ноябрда берилган жавоб хатига кўра, Юқори Чордара маҳалла фуқаролар йиғинига майитлар қўйиш жойи (қабристон) учун ажратилган ер майдонида ҳозирги кунда фуқаролар И.Баратов ва Н.Холов томонидан ўзбошимчалик билан иссиқхона қуриб, ноқонуний фойдаланиб келинмоқда.
“Бўлим мутахассислари томонидан ушбу фуқароларга ёзма огоҳлантириш хати берилганлигини маълум қиламиз”, дейилади бошлиқ вазифасини бажарувчи Б.Ризаханов имзолаган жавоб хати сўнгида.
Ер сотган эр бўлмайди, эр киши ер сотмайди
Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романида Мирзакаримбойнинг Йўлчига айтган бу гапини Самарқанд туманидаги мутасаддиларга эслатиб туриш шартдай, назаримда. Негаки, кўпчилик манфаати учун жон куйдираётган мурожаатчи вилоят ИИБ бошлиғининг сайёр қабулида масалани такрор кўтаргач, энди жиддийроқ жавоб олади.
“Ермулкадастр” давлат корхонаси Самарқанд туман филиали бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Б.Раджабов имзолаган жавоб хатида шундай дейилган:
“Туман ҳокимининг 01.05.2004 йил 201-сонли қарори билан янги қабристон қуриш учун ажратилган 3 гектар ер майдони туман ҳокимининг 16.10.2009 йил 1059-сонли қарори билан бекор қилинган бўлиб, туман ҳокимлиги захира ерлар ҳисобига қайтарилган.”
Қизиғи шундаки, орадан бир кун ўтиб, яъни 21 декабрь санасида туман ҳокими Н.Мавлонов имзоси билан айнан шу мазмунда жавоб хати берилган. Ажабланарлиси, унда туман ҳокимининг қабристон учун ер ажратиш тўғрисидаги қарори 2019 йилда бекор қилинганлиги, билдирилади.
Даъвогаринг қози бўлса
- Рости, мени бир нарсага ҳайронман: туман ҳокимининг қабристонга ер ажратиш тўғрисида 2004 йилда чиқарилган қарори бекор қилинганмикан, - дейди С.Азизов. – Масала юзасидан берилган жавоб хатлари менда турли шубҳа-гумон уйғотаяпти. Бировни айблаш фикридан йироқман, аммо кадастр ёки архитектор енг учида иш битириб, ушбу ер майдонининг тақдирини ҳал қилиб юбормаганмикин?
Агар шундай бўлмаса, нега вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи С.Ҳакимовнинг номидан ҳам мазмуни айнан туман бўлими томонидан берилган хат сингари жавоб берилган? Матнда битта сўз алмашмаса-я?!
Майли, қабристон ери 2009 йилда захирага олинган ҳам дейлик. Унда нега туман ҳокимининг ўша 2009 йилги қарорида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига 2011 йил 1 январь ҳолатдаги ер балансига ўзгартириш киритиш вазифаси топширилган?
Савол-устига савол туғилаверади: хўп захирадаги ерлардан фуқаролар ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётган экан, 2019 йилда мурожаатимдан кейин буни билиб қолган мутасаддилар орадан шунча вақт ўтсада нега тегишли чора кўрмаяпти?
Масала муҳокамалари давомида билдикки, қабристон учун ажаратилган ер майдонида бугун айрим фуқаролар уй-жой қуриб яшаб келмоқда. Уларнинг айримлари қўшни туманлардан ҳам келган. Қизиғ-а, бошқа тумандан келган фуқаро Юқори Чордара маҳалласида бўш турган ерни кўриб, дарров уй-жой қуриб олса-я?! Ишонгинг келади. Ахир берилаётган жавоб хатлари шунга мажбур қилади-да.
Ҳа, шикоят муаллифининг куйинганича бор. Чунки у масала юзасидан нафақат ички ишлар идорасига, ҳатто туман прокурорига ҳам мурожаат қилган. Аммо жавоб ўша-ўша: “қабристон учун ер ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори бекор қилинган ва ер захирага олинган. Бу ер майдонидан бугунги кунда айрим фуқаролар ноқонуний фойдаланиб келмоқда.”
Мақолани тайёрлаш жараёнида янада қизиқ ҳолат рўй берди.
- Ҳокимни 2004 йилги қарори бекор бўлишига экология хулосаси олинмаганлиги ва санитария қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабаб бўлган экан, - дейди С.Азизов. – Унда мана бу муҳрлар нима учун қўйилган?
Мурожаатчининг қўлида «келишилди», деган ёзув билан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг бошлиғи Т.Худойназаров ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик станциясининг бош ҳакими Н.Ходжаевларнинг муҳр билан тасдиқланган имзоси босилган қишлоқ ва қабристон учун ажратилган майдон харитаси турарди.
Ўйлаймизки, масалага вилоятдаги мутасаддилар жиддий муносабатда бўлишади. Низоли ер майдони туман ҳокимлиги захирасидами ёки қабристонга тегишлими, аниқлик киритишади. Айбдорларга чора кўриш ё кўрмаслик эса бутунлай бошқа масала.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.