Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга юксак эҳтиром кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.
Бугун Булунғур тумани “Ниёзмат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Ўразали бобо Пирманов хонадонига вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташриф буюрди.
Вилоят ҳокими Ўразали бобо Пирмановни байрам билан самимий муборакбод этиб, у кишига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан йўлланган Табрикномани ўқиб эшиттирди.
Уруш қатнашчиси, меҳнат фахрийси “Жасорат” медали соҳиби Ўразали бобо Пирмановга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан пул мукофоти ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Эркинжон Турдимов бугун Самарқанд туманида истиқомат қилувчи, уруш қатнашчиси Ахат бобо Очилов хонадонида ҳам бўлди. Ахат бобога ҳам пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жомбойлик уруш қатнашчилари Ғани бобо Тожибоев ва Ҳасан бобо Ортиқовлар хонадонига ҳам вилоят ҳокими совға-саломлар билан ташриф буюрди.
Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг жасорати, Ватан учун ўз жонини хавфга қўйиб қилган меҳнатлари ҳеч қачон авлодлар ёдидан кўтарилмайди. Биз мард, ботир, жасоратли боболаримиз борлигидан фахрланамиз.