Самарқанд вилоятида 17 та ДМТТ фаолиятини бошлади
Республикамизда карантин қоидалари юмшатилгач, давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини босқичма-босқич тиклаш бошланди. Мактабгача ёшдаги болаларни биринчилардан бўлиб ўз бағрига олган 17 та мактабгача таълим ташкилотларига 840 нафар тарбияланувчи қамраб олинди. Жумладан, Паст Дарғом (8), Пахтачи (5) ва Иштихон (4) туманларида боғчалар фаолиятини бошлади.
Мазкур мактабгача таълим муассасалари халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларининг хулосаси асосида иш бошлади. Биз Паст Дарғом туманида бўлиб, боғчаларда яратилган шароитлар билан танишдик.
Тумандаги Бешбола маҳалласидаги 34-мактабгача таълим ташкилоти 60 нафар болани қамраб олган. 150 ўринга мўлжалланган боғча "Синчи" ва "Беш бола" маҳаллалари аҳолиси учун узоқ кутилган маскан. Чунки кўп йиллар давомида бу ҳудудда мактабгача тарбия ташкилоти бўлмаган. Aҳолидан келган кўплаб шикоятлар туфайли 70-мактабнинг эски биноси болалар боғчасига мослаштирилди. Қайта қуриш ишлари шу йил бошида якунланди.
- Ҳозирча тўлиқ қувват билан ишламаяпмиз. Чунки ҳар бир гуруҳда янги санитария-гигиена меъёрларига кўра, 15 нафардан ортиқ бола бўлмаслиги керак, - дейди муассаса мудираси Aнзират Ҳақбердиева. – Асосан ишлайдиган ота-оналар, ҳарбий хизматчилар ва етим болалар фарзандларини боғчага жалб қилдик. Аммо кўпгина ота-оналар фарзандини таълим муассасасига боришини хоҳлашади. Йил бошидан буён 130 нафардан ортиқ бола навбатда. Пандемия пайтида болаларнинг саломатлиги учун қўл ювиш жойларини бир марталик сочиқлар билан жиҳозладик, кириш жойида контактсиз термометр ёрдамида боланинг ҳароратини ўлчайдиган ҳамшира кутиб олади ва уларнинг қўлларини дезинфекциялайди. Шундан кейингина болани гуруҳга кузатиб қўйишади. Ота-оналарга бинога кириш қатъиян ман этилади.
Худди шу санитария-гигиена қоидалари Паст Дарғом туманидаги 16- мактабгача таълим ташкилотида ҳам ташкил қилинган. У ерда бугунги кунда Қорағуппа маҳалласидан атиги 30 нафар бола қатнайди. 2019 йилда инвестиция дастури асосида ажратилган 2,7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига мактабгача таълим муассасаси барча шароитларга эга замонавий кўринишга эга бўлди. Муассаса икки қаватли қилиб қайта таъмирлангач, 100 нафар болани қамраб олиш имконига бўлди.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутахассиси Ҳусниддин Aлиевнинг сўзларига кўра, Паст Дарғом туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 44,7 фоизни ташкил этади. Пандемия пайтида 105 та оилавий ва 96 та хусусий МТТ қайта тикланди.
Давлат болалар боғчалари фаолиятини хавфсиз қайта тиклаш бўйича чора-тадбирларни таъминлаш ва уларнинг ишлаши учун шароит яратиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Замира БОЛТАЕВА.
Рақамлар: Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан дезинфекция воситалари сотиб олиш учун фаолият юритаётган 662 та болалар боғчасига 848 миллион сўм маблағ ажратилди.