“Афсона”нинг афсонавий эртаклар олами яна болажонлар билан гавжум

Каттақўрғон шаҳрида бунёд этилган "Афсона" давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотига киришингиз билан эртаклар оламига тушиб қолгандек бўласиз. Болаларга яратилган шароит, таълим-тарбиянинг замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилаётганидан ота-оналар мамнун.

- 2018 йилда банкдан 2 миллиард 250 миллион имтиёзли кредит олиб, мазкур боғча қурилишини бошладим, - дейди “Моҳларойим нур” МЧЖ раҳбари Зулфия Полвонова. – Ўтган йили 150 ўринга мўлжанланган боғчамиз болажонларни ўз бағрига олди. Тарбияланувчиларнинг боғчага бўлган меҳрини ошириш, уларни ҳар томонлама баркамол вояга етишлари учун муассасамизнинг ҳар бир бурчаги эртакнамо қилиб безатилган. Ёзги соғломлаштириш учун сузиш ҳавзалари, ўйин майдонлари, спорт, рус тили ва инглиз тили тўгаракларига малакали мутахассислар жалб этилган.

Каттақўрғон шаҳри “яшил” ҳудуд тоифасига киритилганлиги учун бугун боғча яна ўз фаолиятини бошлади. Тарбияланувчилар учун зарурий шароитлар яратилиб, машғулотлар ёзги майдончада давом эттириляпти.

- Боғчамизда карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ҳозир 80 нафар болажон тарбияланмоқда, - дейди З.Полвонова. – Болалар ва тарбиячиларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган. Муассасага кириш жойида дезинфекцион туннел ўрнатилган. Ҳар бир ходимнинг ва болаларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Машғулотлар хонаси кунига уч марта хлорли эритма билан тозаланади. Шунингдек, тарбиячиларимиз болаларнинг қўлларини тоза ва озода тутишларини доимий назорат қилиб туради.

Мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар ва имкониятлар ҳар қандай ота-онанинг кўнглидагидек. Асосийси, бу даргоҳга жажжилар ҳар тонг соғиниб келишади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.