Самарқанд вилоятида 70 фоизга яқин ота-она мактабларнинг анъанавий тарзда давом этишига рози

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг 2020 йил 24 август кунги видеоселектор йиғилишида берган топшириғига асосан вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ота-оналардан сўровнома олиш ишларини ташкил этиш мақсадида туманларга юборилди.

25-26 август кунлари барча туман, шаҳарлардаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналаридан сўровномалар олинди.

Сўровномада вилоят мактабларида таълим оладиган 732 470 нафар ўқувчиларнинг 674 530 нафар (92 %) ота-оналари иштирок этди ва қуйидагича фикрлар билдирилди:

1-саволнома бўйича мактаблар ўз фаолиятини анъанавий шаклда сентябрь ойидан тиклашига 466 671 нафар ота-она (69 %) ижобий фикр билдирган бўлса, 207 859 нафар ота-она (31 %) ўқишни бошламаслик тарафдори эканлигини билдиришди.

2-саволнома бўйича мактаблар фаолиятини бошлаш санаси бўйича қуйидагича фикрлар билдирилди:

223 277 нафар (33 %) ота-она 7 сентябрдан, 205 410 нафар (30 %) ота-она 14 сентябрдан, 74 331 нафар (11 %) ота-она 2 октябрдан, 171 512 нафар (25 %) ота-она пандемия тугаганидан сўнг бошлаш зарур эканлигини билдирди.

3-саволнома бўйича боласини анъанавий шаклда таълим олиши учун юборишга тайёр ота-оналар 477 094 нафар (71 %) ташкил этган бўлса, 197 436 нафар (29 %) ота-она онлайн таълим тизимини афзал кўришини билдирди.

4-саволнома бўйича мактабларда тиббий ниқоб тақиш талаб этилган тақдирда 652 675 нафар (97 %) ота-она фарзанди ниқоб тақишига рози эканлигини, 21 855 нафар (3 %) ота-она эса ниқоб тақтиришга қарши эканлигини билдирди.

5-саволнома бўйича вирусдан сақланишда муҳим антисептик воситасидан фарзанди фойдаланишини 631 985 нафар (94 %) ота-она қўллаб-қувватлади, 42 545 нафар (6 %) ота-она эса қарши чиқди.