Самарқанд халқаро аэропортида рухсатномасиз олиб келинаётган тиббий ускуналар тўхтатиб қолинди
Самарқанд халқаро аэропортига “Шереметьево - Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Г.Ф. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида божхоначилар унинг хатти-ҳаракатидан шубҳаланишади. Холислар иштирокида фуқаронинг багаж сумкасини кўздан кечиришади.
Натижада сумкадан тегишли рухсатномасиз, декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, умумий баҳоси 32 миллион сўмлик тиббиёт ускуналари борлиги маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 191-сонли қарорига кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тегишли рухсатнома асосида олиб киришга рухсат берилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.