Самарқанд халқаро аэропортида туризм ахборот маркази очилди

Туризм ахборот марказида чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасида бўлиш тартиби, туристлар учун қизиқарли бўлган маданий мерос объектлари, туристик йўналишлар, жамоат транспорти хизматлари, автомобиль ижараси, умумий овқатланиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, меҳмонхоналар, тиббий ёрдам марказлари ва бошқалар бўйича батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин.

Ахборот марказининг очилиши Президентнинг 2022 йил 24 декабрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Таъкидлаш жоиз, Самарқанд шаҳрида ўтган йили 9 та туристик ахборот маркази фаолият кўрсатган бўлса, 2023 йилда уларнинг сонини 18 тага етказиш режалаштирилган.