Самарқанд халқаро аэропортидан қадимий танга ва пул бирликлари ушлаб қолинди

Маданий бойликларни мамлакатимиз божхона чегараларидан яширинча олиб ўтишга бўлган уринишларга қарши божхоначилар самарали кураш олиб боришмоқда.

Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортидан хорижий давлатга учиб кетаётган фуқаро И.Х. “яшил” йўлакдан ҳаракатланар экан, божхоначилар томонидан белгиланган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтказилди, деб ёзмоқда Божхона қўмитаси расмий веб-сайти.

Натижада, фуқаронинг юклари орасидан декларацияда кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетиш учун тегишли рухсатнома талаб қилинадиган, қадимийлиги 50 йилдан ошган 46 дона танга ва пул бирликлари борлиги аниқланди ва тўхтатиб қолинди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва Самарқанд вилояти Маъмурий судининг очиқ суд мажлиси қарорига кўра, фуқаро И.Х. маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди ҳамда унга тегишли бўлган танга ва пул бирликлари мусодара қилинди.

Жорий йил бошидан буён Самарқанд божхоначилари томонидан жами 70 га яқин тангалар ва муомаладан чиқарилган пул бирликлари ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинган.