Самарқанд халқаро терминали - Марказий Осиёда ягона бўлади

Вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳрида «ENTER Engineering Pte Ltd» компанияси томонидан бунёд этилаётган йирик қурилишлар бўйлаб журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш жараёнлари билан танишдилар. Йил якунигача фойдаланишга топширилиши мўлжалланган мазкур иншоот «Air Marakand» компанияси буюртмаси асосида қурилаётган Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий халқаро терминал ҳисобланади. Бир йилда 2 миллион йўловчига хизмат қилиши кўзда тутилган аэропортда қурилиш ишлари авжида.

- Дунёнинг 1500 га яқин, мамлакатимиздаги 400 га яқин фирма ва компаниялар ишлаб чиқарган маҳсулотлардан фойдаланиб барпо этилаётган янги терминалимизда Сингапур, Германия, Туркия, Россия каби давлатлардан келган тажрибали қурувчи-мутахассислар меҳнат қилмоқда, - дейди қурилиш компанияси мутасаддиси Рустам Ҳайдаров. – Замонавий аэропорт ишга тушса, бир вақтнинг ўзида 4 та, бир кунда 50 га яқин рейсларга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.

Халқаро аэропортда бир вақтнинг ўзида 1200 йўловчига 20 та рўйхатдан ўтказиш нуқтаси хизмат кўрсатади. Шунингдек, 700 та автомашинага мўлжалланган тураргоҳ, йўловчиларнинг кутиш ва кузатиш ҳудуди, замонавий тамаддихоналар, юк сақлаш, дам олиш хоналарини қуриш ҳам кўзда тутилган.

Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида жойлашган туризм марказида ҳам бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлишди.

- Икки юз гектар майдонда қурилаётган марказда 8 та кўп юлдузли меҳмонхона, нуфузли анжуманлар ўтказишга мўлжалланган Конгресс-холл зали барпо этилмоқда, - дейди туризм маркази директори Ўктам Латипов. – Шунингдек, «Абадий шаҳар» мажмуаси, 10 га яқин экокоттежлар, оилавий дам олиш масканлари, спорт мусобақалари ўтказиладиган майдонлар қурилмоқда.

Юртимиздан ташқари, Россия, Сербия, Италия, Туркия каби давлатлардан келган 7 мингдан зиёд ишчи, қурувчи–муҳандислар меҳнат қилаётган йирик объектда Италиядан келтирилган 40 турдан ортиқ 2600 туп турли манзарали дарахт кўчатлари маҳаллий муҳитга мослаштирилмоқда.

- Туризм марказини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Чўпонотадаги 60 гектарлик майдонда қуёш батареялари ўрнатиш кўзда тутилган, - дейди лойиҳа раҳбари Мўмин Қодиров. – 2500 метр ер остидан тоза ичимлик суви олиш учун сув иншоотлари ўрнатилди. Икки километр узунликдаги эшкак эшиш каналининг суви қуритилиб, туби чиқиндилардан тозаланди. Тез кунларда хориждан яна 10 минг тўпдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари келтирилади.

«Абадий шаҳар» мажмуаси - юртимизда мавжуд бўлган 30 га яқин қадимий обидаларнинг нусхаларини ўзида жамлаган. Мажмуага кириш қисмига Тиллокори мадрасасининг кичик нусхаси зеб бериб туради. Қадимги Самарқанд қоғози ишлаб чиқарувчилар, миллий ҳунармандчилик буюмлари усталари ва рассомлар учун махсус устахоналар қурилади. Ёпиқ бозорга келган меҳмонлар эса қандолатпазлар, пишириқ тайёрловчилар, чойхона ва миллий таомлар ошхоналаридан баҳраманд бўлишади.

Пресс-тур иштирокчиларининг келгуси йилнинг март ойидан меҳмонларни кутиб олишни бошлайдиган Самарқанд туризм маркази қурилишига оид саволларига ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассислардан жавоб олинди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.

Ф.РЎЗИБОЕВ (фото).