Самарқандда 1111 та сайлов участкаси тузилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг бугун ўтказилган навбатдаги йиғилишида округ ҳудудида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланган.
Сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади.
Участкалар ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисмлар жойлашган ердаги округларга киради.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин.
Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади.
Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида етти кун қолганида тузилади.
Мажлисда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, ҳарбий қисмлар командирлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1111 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда округ матбуот маркази ҳам ташкил қилинди.
Йиғилишдан сўнг ўтказилган брифингда 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев комиссиясининг фаолияти ва бугун ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ҳақида маълумот берди.
– Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, ҳарбий қисмлар командирлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1111 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилдик – деди Ф.Тошев. – Энг кўп – 175 та сайлов участкаси Самарқанд шаҳрида бўлса, энг ками Каттақўрғон шаҳрида – 33 та. Шунингдек Ургут туманида 126 та, Паст Дарғомда 90 та, Каттақўрғон туманида 87 та сайлов участкаси тузилди.
Ҳарбий қисмларда тузилган сайлов участкалари 7 та. Тиббиёт муассалалари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида 37 та, қамоқда сақлаш жойларида (тергов ҳибсхоналари) 1 та, озодликдан маҳрум этиш жойларида 1 та, ҳарбий билим юртлари ва ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, мудофаа бўлимлари каби муассасаларда 3 та участка ташкил этилди.
Сайлов участкалари тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилинади.
Матбуот анжумани давомида округ сайлов комиссияси раиси ва аъзолари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.