Самарқандда 210 нафар шахс коррупцион жиноят учун жавобгарликка тортилди

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда шу йил 5 март куни ўтказилган коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоровнинг маълум қилишича, прокуратура органлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида мунтазам назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Йилнинг ўтган тўрт ойида вилоятда 3253 та жиноят ҳисобга олиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 146 фоизга ошган. Бу жиноятларнинг 751 таси (23 фоизи) аниқланадиган, 1193 таси (37 фоизи) олдини олиш мумкин бўлган, 1309 таси (40 фоизи) ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этади.
– Кўрилган чоралар натижасида олдини олиш мумкин бўлган оғир турдаги жиноятлар 4,9 фоизга, номусга тегиш 23 фоизга, босқинчилик 100 фоизга, автомобилни олиб қочиш 25 фоизга камайди, – деди С.Бозоров. – Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан олиб борилган ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 90 та жиноятнинг олди олинди. Вилоятдаги 1126 маҳалланинг 697 таси “яшил”, 334 таси “сариқ”, 95 таси “қизил” тоифага кириб, жиноят содир бўлган маҳаллалар 429 тани ташкил қилди. Маҳаллаларда содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,5 фоизга камайди. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятларни олдини олишга масъул бўлган 46 нафар ички ишлар ходими, 14 нафар маҳалла раиси, 17 нафар ҳоким ёрдамчиси, 6 нафар ёшлар етакчиси ҳамда 7 нафар хотин-қизлар фаоли интизомий жавобгарликка тортилиб, 3 та жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан жорий йилнинг 4 ойида 48 нафар шахсга нисбатан 28 та жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят ишлари судловга юборилган. Тергов давомида аниқланган, давлатга етказилган 13 миллиард сўм зарар тўлиқ ундирилиши таъминланган.
144 та коррупциявий жиноят ишлари тергов қилиниб, 210 нафар шахс турли жавобгарликка тортилган. Уларнинг 55 нафарини мактабгача ва мактаб таълими, 27 нафарини соғлиқни сақлаш, 17 нафарини банк тизими, 9 нафарини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, 8 нафарини маҳаллий ҳокимият органлари ходимлари ташкил этган. Шунингдек, 23 нафар ҳоким ёрдамчиси, 5 нафар нафар адвокат, 7 нафар солиқ соҳаси ходими коррупцион жиноятга қўл урган.
Матбуот анжуманида вилоят прокуратураси томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида амалга оширилаётган ишлар, соҳаларни рақамлаштириш орқали коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда амалга оширилаётган профилактик тарғибот ишлари ҳақида маълумот берилди.