Самарқандда 3 та маҳаллада кузатув камераси ўрнатилган яна 3 тасига ўрнатилаяпти

Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунлар ижроси устидан назорат прокуратура органлари фаолиятидаги устувор йўналишлардан бири. Мазкур йўналишда ўтган олти ой давомида фермерларга 610 гектар ер майдони, 2 минг 100 тонна минерал ўғит, 1150 тонна нефть маҳсулотлари ажратилишида, 1,2 млрд. сўм кредит, 830 млн. сўм иш ҳақи, 260 млн. сўм нақд пул маблағлари олишларида амалий ёрдам кўрсатилди.

Ерларнинг талон-торож қилиниши ҳолатлари юзасидан 65 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида 1,6 млрд. сўмлик зарарларнинг ундирилиши таъминланди.

Мисол учун, Самарқанд туманидаги “Исломов Исмат Узумзорлари” фермер хўжалиги раҳбари 42 сотих ер майдонини 4 нафар фуқарога 35 минг долларга сотганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бундай салбий ҳолатларни кўплаб келтириш мумкин. Юзага келган бундай вазиятни инобатга олиб, ҳокимликлар ва тегишли идоралар ҳамкорлигида ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, 1.549 гектар ноқонуний фойдаланиб келинаётган ерлар захирага қайтарилди. Мазкур ерларнинг 500 гектарига пахта, 708 гектарига сабзавот, 313 гектарига озуқа ва 30 гектарига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг экилиши таъминланди.

Ушбу йўналишда 1.587 та назорат ҳужжатлари қўлланилиб, фермерлар ва давлат манфаатларини кўзлаб 16,9 млрд. сўмлик 501 та даъво аризалари киритилди ҳамда ноқонуний қарорларни бекор қилиш тўғрисида 132 та протестлар келтирилди.

Фаолиятимизда жиноятчиликка қарши курашиш ҳам алоҳида ўрин тутади. Ҳисобот даврида бевосита прокуратура органлари томонидан 408 та жиноят ишлари юзасидан тергов ўтказилди, келиб тушган 1 326 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар асосида 150 та жиноят ишлари қўзғатилди, 1 206 таси бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилди.

Жиноятчилик профилактикаси борасида 4 385 нафар ишсиз, ночор, низоси мавжуд оилалар, қўни-қўшнилар, 1 484 нафар ёлғиз аёллар, 8 минг 751 нафар ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 1 429 та муаммоси ҳал қилинди, 1082 та муқаддам судланганлар иш билан таъминланди.

Яна бир ташаббус билан Самарқанд шаҳридаги 3 та (Обод маскан, Девори кўндаланг ва Боғисарой) маҳаллалар ҳудуди тўлиқ камералаштирилиб, вазият профилактика инспектори томонидан доимий кузатилиши йўлга қўйилди. Бугунги кунда яна 3 та (Устозлар, Регистон ва Сайхун) маҳаллаларига камералар ўрнатилмоқда.

Олиб борилаётган ишларга қарамасдан жорий йилнинг 6 ойида 1 808 та жиноят ҳисобга олиниб, ўтган йилга нисбатан 484 тага ёки 36,6 фоизга ошди. Шу жумладан, прокурорларимиз томонидан 48 та жиноятлар яширилганлиги аниқланиб, ҳисобга қўйилиши таъминланди.

Пахтачида 27 та, Булунғур ва Нарпайда 24 тадан, Иштихонда 20 та ҳамда Оқдарёда 18 та маҳаллаларда жиноятлар ошиб, криминоген вазият ёмонлашган.

Тезкор-қидирув фаолияти ҳам мунтазам ўрганиб борилиб, 809 та ишлар бўйича ёзма кўрсатмалар берилди, фош этилмаган ва қидирувдаги ишлар ҳар ойда прокурорлар ҳузурида танқидий муҳокама қилиниб, аниқ чора-тадбирлар белгиланиб келинди. Натижада олдинги йиллардаги қидирувдаги 98 нафар шахс ушланди, 14 нафар бедарак йўқолган шахсларнинг қаердалиги ва 2 та номаълум мурдаларнинг шахси аниқланди.

Албатта, фаолиятимизда ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар, камчилик ва муаммолар жуда кўп, ходимларнинг, прокурорларнинг барчаси ҳам бирдек масъулият билан ишлай олмаяпти. Бундай ходимларнинг 10 нафари, шу жумладан 4 нафар прокурор интизомий жавобгарликка тортилди, 1 нафари тизимдан бўшатилди.

Мухиддин БАХРИТДИНОВ,

вилоят прокурорининг ўринбосари.