Самарқандда 31 талабанинг шартнома пули маҳаллий бюджетдан тўланади

Бу халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 18 ноябрдаги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, клиник ординатурада таҳсил оладиган 31 нафар талабанинг контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Умуман, шу каби тадбирлар учун маҳаллий бюдежтдан 5 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилади. Шундан 1 миллиард сўми вилоят ҳудудида яшил майдонларни ташкил қилиш учун дарахт кўчатларини сотиб олишга сарфланади.

Бундан ташқари, Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиалига 1 миллиард 265 миллион сўм ўтказилади. Бу маблағга филиалнинг жарроҳлик бўлими қошида бариатрик жарроҳлик амалиётини йўлга қўйиш учун эндоскопик жарроҳлик асбоб ускуналари харид қилинади. Яъни, энди Самарқандда ҳам қандли диабетни 2 турини даволашда тана вазнини камайтириш “операция” лари йўлга қўйилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 500 миллион сўм кўчирилади. Бу пулга Самарқанд, Иштихон, Ургут ва Каттақўрғон туманларидаги мамморентген аппаратини ишлаши учун қўшимча ускуналар олиниши кўзда тутилган.

Сув ва сел-сув омборларида жорий йилнинг куз-қиш мавсумида кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш учун эса 746,2 миллион сўм ажратилиши белгиланган. Бу маблағ вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармасига ажратилади.

Қарорда бошқарма ва ташкилотлари раҳбарларига ажратилган маблағлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли фойдаланиш, хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлаш қайд қилинган.