Самарқандда 34 давлат фуқаролари даволанди. Қайси давлат фуқаролари кўпроқ?

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, шу йилнинг тўққиз ойи давомида Самарқанд вилоятидаги шифохоналарда дунёнинг 34 давлатидан келган фуқаролар даволанган. Жами 450 нафар стационар ва 1472 нафар хорижлик фуқароларнинг амбулатор тарзда даволанишига эҳтиёж сезилган. Қўшни давлатлар, шунингдек, хорижлик фуқаролар Самарқандда тиббиётнинг жарроҳлик, нейрохирургия, терапия, кардиология, эндокринология, урология, травматология, акушерлик ва гинекология, стоматология ва бошқа соҳалари бўйича мурожаат қилишган.

Айтиш керакки, кейинги йилларда қўшни республикалар, хусусан, Тожикистондан Самарқандга айнан даволаниш учун келаётганлар сони ошмоқда. Буни ушбу статистика, яъни уларнинг сони шу йилнинг ўзида 1000 нафардан кўпроқ эканлиги ҳам исботлаб турибди. Шунингдек, кейинги ўринларда Россия Федерациясидан 100 га яқин, Туркиядан (90 нафар) келиб, саломатлигини тиклаган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Дунёнинг турли давлатларидан саёҳат мақсадида келиб, даволанишга эҳтиёж сезган сайёҳлар ҳам Самарқанддаги тиббий хизматдан фойдаланишган.