Самарқандда 6 нафар талончи ушланди, улардан иккиси аёл
Самарқандда 2020 йилнинг 25 ноябрь куни соат 16:30 да икки аёл ўзларининг 4 нафар шериги билан талончилик қилишган.
Аниқланишича, 37 ёшли Шахноза Р. ва 34 ёшли Дилшода Ҳ. ўзининг 4 нафар номаълум шериклари билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида жойлашган ошхонанинг орқа томонида, 34 ёшли Нажмиддин Ҳ.нинг чўнтагидан бир дона “Nokia” ва бир дона “Novey” русумли қўл телефон аппаратлари ҳамда ўнг орқа чўнтагидан 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур талончилик жиноятини содир этган фуқаролар аниқланди. Икки аёлга 38 ёшли Ўлмас Ж., 41 ёшли Санжар Н., 21 ёшли Султонбек Х., 31 ёшли Абдулло Н. кўмаклашгани маълум бўлиб, улардан 1000 АҚШ доллари, бир дона “Nokia” ва бир дона “Novey” русумли қўл телефон аппаратлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича юқорида кўрсатилган шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳолат бўйича сўроқ қилинган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.