Самарқандда автомашиналар сувда юрадими?
Самарқандлик “тадбиркор” бунинг уддасидан чиқмоқчи бўлди. Аммо...
Жорий йилнинг 23 январь куни кечки пайт бошқарувимдаги автомашинамнинг суюлтирилган газ ёқилғиси тугаганлиги боис Самарқанд шаҳри, Сўғдиёна массивида жойлашган “Мусаффо” МЧЖга қарашли “Мусаффо петрол” АЁҚШга кириб, автомашинамга 20 литр суюлтирилган газ қуйдирдим. АЁҚШдан чиқиб, ёнилғини бензиндан газга ўтказдим. Аммо автомашина юрмади. Аввалига автомобиль двигателида газ ва бензин ёқилғиси тўдаланиб қолгани сабабли шундай бўлди, деб ўйладим. Кейин яна газга қўшиб кўрдим...
Иккинчи маротаба ҳам машина двигатели газда ўт олмай “ўчиб” қолди. Уловим газга “юрмагач”, яна бензинга ўтказиб, устахонага бордим. Уста олд капотни очиб, ҳамма ускуналарни бирма-бир назоратдан ўтказгач, машинамнинг “инжиқлигини” топди.
У эътиборимни двигателга қаратди ва газ келадиган қувурчани очди. “Фошиллаб” газ ўрнига сув оқа бошлади. Бундан ҳайратга тушдим. Бунинг сири нимада эканлиги мени ўйлантирди...
- Бунинг сири сиз газ олган “заправка”да, - деди устанинг шогирди.
Уста автомашинамнинг газ ускуналарини тўлиқ ечиб, тозалаб, қайтадан ўрнатиш кераклигини, бунинг учун эса кўп вақт талаб этилишини айтиб, машинани шу ерда қолдиришим кераклигини таъкидлади.
- Ҳалиям омадингиз бор экан, сув моторга ўтиб кетганда етти-саккиз миллион сўмга тушишингиз мумкин эди, - деди уста.
Бу гапни эшитгач, жуда асабийлашдим. Мазкур “заправка”дан менга ўхшаган юзлаб инсонлар автомобили учун газ олиши кўз олдимга келиб, АЁҚШ ходимларини инсофга чақирмоқчи бўлдим.
«Мусаффо петрол» АЁҚШга бориб, автомашинамга газ ўрнига сув “заправка” қилинганини айтдим. Масалага ойдинлик киритиш учун ходимларидан АЁҚШ раҳбарини чақиришларини сўрадим. Бироз фурсатдан сўнг етиб келган АЁҚШ раҳбари (сўраб суриштириб исми Комил эканини билдик) мени тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган товламачи сифатида айблади. Энг қизиғи, у мени бир оғиз гапиришимга қўймай, ҳақоратли сўзлар билан нафсониятимга тегди. Ёнига тўпланган тўрт-беш нафар гумашталари ҳам унга қўшилиб, мени товламачи, туҳматчи, дея ҳақорат қилишга тушишди. Уларнинг бу ерда жанжал чиқаришдан манфаатдор эканликларини англагач, ҳаракатларим бефойда эканлигини тушуниб, ортибга қайтдим.
Бироқ ҳамма томоша эртаси куни бошланди. Аввалига, “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлимига мурожаат қилдим. Инспекция раҳбари хизмат сафари билан туманга кетганлиги боис Дилшод исмли бош мутахассисга учрашишимни айтишди. Дилшод “Мусаффо петрол” АЁҚШда мен билан бўлган можарони батафсил тинглаб, ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтди. Ҳеч бўлмаганда, автомашинамнинг газ баллонидаги суюқликнинг таркибини ўрганиб беришларини сўрадим. Аммо мутахассис инспекцияда газ маҳсулотларининг лабораторияси йўқлигини билдирди.
Шу ўринда бир нечта савол туғилади - биринчидан, шикоят асносидаги мурожаатга ҳеч қандай чора кўролмаслигини маълум қилган мазкур инспекциянинг хизмат вазифаси нималардан иборат? Иккинчидан, ҳатто газ маҳсулотлари таркибини текширадиган лабораторияси мавжуд бўлмаган инспекция мен билан бўлган каби ҳолатларда қандай хулоса бериши мумкин? Учинчидан, ушбу инспекцияда газ таркибини текширадиган лаборатория йўқлигини билган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбари тофиасидаги “тадбиркор”лар суюлтирлаган газга сув қўшиши мумкинми? Инспекциядан чиқар эканман, шу каби жавоби йўқ саволлар гирдобида қолдим.
Орадан уч-тўрт соат ўтганидан сўнг “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи қўнғироқ қилиб, инспекция масъули “Мусаффо петрол” АЁҚШга бориб ҳолатни ўрганаётганлигини маълум қилди. Бундан қувониб, мазкур тафтишда иштирок этиш иштиёқим борлигини билдирдим. Уларнинг масъул ходими мени ўша ерда кутишини айтди. Дарҳол йўлга чиқдим. Аммо АЁҚШга борганимда инспекция масъули Дилшод ва АЁҚШ раҳбари Комил ака электр энергиясида узулиш бўлганлиги сабаб ҳолатни ўрганишнинг иложи йўқлигини таъкидлашди. Бизга берилган бу “имконият”дан унумли фойдаланиш мақсадида вазиятдан чиқиш чораларини изладик. Аввал шаҳар, кейин вилоят электр тармоқлари идорасига телефон орқали мурожаат қилдим. Бироз вақт ўтгач, ҳар иккала ташкилот ҳам қайта қўнғироқ қилиб, мазкур ҳудудда электр таъминотида узулиш бўлмаганини, АЁҚШда атайлаб “свет” ўчирилганини айтишди.
Томошанинг навбатдагиси, мазкур АЁҚШда автомашиналарга сув қуйилаётганини айтиб, ўнлаб истеъмолчилар жанжал қилаётган бўлса-да, автомобилимга газ ўрнига сув қуйилганига ҳали ҳам ишонмаётган тадбиркор Комил ака автомобилимга у томондан қуйилган газни ўзининг таниши бўлган устага кўрсатишимизни сўради. Тадбиркорнинг қистови билан инспекция мутахассиси ҳамроҳлигида уста ҳузурига бордик. Ўзини “Элдор” дея таништирган уста эса автомашинамнинг газ баллонига қуйилган суюқлик сув эканлигини тасдиқлади.
Хуллас, ўша куни соҳа мутахассисининг ўрганувидан натижа бўлмади. Тадбиркор эса юзлаб, минглаб истеъмолчиларга “пуллаётган” ушбу суюлтирилган газни харид қилган пайтида завод томонидан бериладиган лаборатория хулосасини кўрсатолмади. Шу сабаб икки кун давомида ўз ечимини топмаган “машмаша”нинг асосий жумбоқларини баён этишни лозим топдик.
Хўш, ушбу тадбиркор истеъмолчиларга қанча сув сотди ва сотаяпти? Ахир бир овқатнинг ачиганини билиш учун унинг ҳаммасини ейиш шарт эмас-ку!? Бир эмас, икки эмас, ўнга яқин истеъмолчиларнинг шикоятидан керакли хулоса чиқариб, савдони тўхтатмаган тадбиркорни қандай аташ мумкин? Яна, бу ҳолатга тегишли мутасаддилар томошабин бўлиб туришининг сабабини билишни истар эдик. Агар “Ўздавнефтгазинспекция”си Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбарияти бу борада бирор шикоят бўлгани йўқ, дея ўзини оқласа, унда менинг жорий йил 24 январдаги мурожаатимчи? Нега ушбу мурожаатимга ҳозирга қадар жавоб бўлмаяпти?
Дарвоқе, ушбу АЁҚШда бир неча бор бўлсак-да, бирор марта, бирор кишига харид учун чек берилмади. Бунинг сабабини ўрганишларини сўраб вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилдик. Лекин бу уринишимиздан ҳам натижа бўлмади.
Ўйлаймизки, мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган, юзлаб истеъмолчиларни сарсон қилаётган “Мусаффо петрол” АЁҚШ раҳбарияти каби “тадбиркор”ларнинг ҳам жиловини тортадиган мутасаддилар топилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу масалани атрофлича ўрганади, деган умиддамиз.
Элдор МУҲАММАДИЕВ,
журналист.