Зулайҳо Маҳкамова:  Оилаларга кўмак бериш масалалари бўйича 40 дан ортиқ имтиёзлар берилди

Вилоят ҳокимлигида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда вилоят фаоллари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, соғлиқни сақлаш, бандлик, ички ишлар бошқармалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Шунингдек, вилоятда хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларнинг жиноят қурбонлари бўлиш сабаблари билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

-Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилганига кўп бўлгани йўқ, аммо бу вақт давомида оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласида иш олиб боришнинг тизимли механизми йўлга қўйилди, - дейди Зулайҳо Маҳкамова. – Оилаларга кўмак бериш масалалари бўйича 40 дан ортиқ имтиёзлар берилди. У бандлик, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ҳунар ўрганиш, олий таълим муассасасида ўқиш каби қатор соҳаларни қамраб олган. Бугун биз вояга етаётган қизларимизнинг маърифатли, китобхон, ҳунарли бўлишлари йўлида қатор ишларни олиб бормоқяпмиз. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилада тарбия топаётган, боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълим муассасаларига кириши учун имтиёзлар берилаётгани, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун бепул марказлар ташкил этилаётгани, шулар жумласидан. Чунки бизнинг эртамиз, келгуси авлод тарбияловчилари шу қизларимиздир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда илк бор ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг уй-жой билан таъминланаётгани қатор муаммолар гирдобида қолаётган хотин-қизлар ва болаларнинг келажагини таъминлаш билан баробардир. Афсуски, амалга оширилаётган ишларга қарамай, баъзи кўнгилни хира қиладиган ҳолатларнинг содир бўлаётгани ҳар бир бўғин ўз ишини аъло даражада амалга оширмаётганидан далолат беради. Хусусан, Самарқандда шу ойда содир бўлган икки нохуш воқеа: бири Самарқанд туманида ўзи ва фарзандлари жонига қасд қилган она бўлса, иккинчиси Ургут туманида қайнонасини ғишт билан уриб, ҳалок бўлишига сабаб бўлган келин воқеаси.

Биз икки ҳолатни ҳам чуқур ўргандик. Тўғри, икки аёлга ҳам қонуний чора кўрилади, улар ўз қилмишига яраша жазосини олади. Аммо масаланинг бир томони, оиладаги бу келишмовчиликлар узоқ йиллар давом этиб кетган. Маҳалла фаоллари улар тинч оила эди, деб айтишаётган бўлса-да, аммо ундай эмас. Бугун қўмитанинг барча қуйи тизимлари вакилларидан ҳам, маҳалла фаолларидан ҳам талаб қиладиганимиз битта: ҳар бир хонадондаги вазиятдан бохабарлик. Сабаби, зўравонлик бирдан ошкор бўлади, аммо тазйиқ йиллар давомида оила аъзолари, хусусан, келинни қийнаб келади. Ва кутилмаганда нохуш ҳолатларнинг содир бўлишига сабаб бўлади.

Бугун жойларда "Оқила аёллар" ҳаракатлари тузилди, ушбу ҳаракат аъзоларидан биргаликда фаоллик кўрсатишларини сўраб қоламан

Йиғилиш давомида жиноят сабаблари таҳлил этилди, мутасаддиларга аниқ вазифалар қўйилди.

Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова эртага Ургут туманида тизимда амалга оширилаётган ишлар билан танишиши ҳамда сайёр қабул ўтказиши режалаштирилган.