Самарқандда давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 6 ойда 5 мингдан зиёд қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган

Бу ҳақда “ZOOM” платформаси орқали давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов иштирокидаги матбуот анжуманида айтилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 5 минг 99 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, 4 663 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган. 29 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 91 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган. 203 ҳолатда мурожаатларни асоссиз рад этиш ва 113 ҳолатда бошқа қонун бузилишларига йўл қўйилган.

- Давлат кадастрлари палатаси туман, шаҳар филиаллари томонидан энг кўп, яъни 1364 қонун бузилиш ҳолати аниқланган, - дейди М.Қурбонов. - “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан эса 913 та  қонун бузилишларига йўл қўйилган. Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 27 та тақдимнома ва 315 та огоҳлантириш хатлари киритилди. Шунингдек, 143 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 82 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди. Шундан 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Маълумотларга кўра, вилоятда шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида шаҳар ва туманлардаги марказлар томонидан 445 минг 832 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 262 минг 594 та давлат хизматлари кўрсатилган.

ФҲДЁ бўлимлари томонидан 47  минг 588 та туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб, 8 минг 650 ҳолатда ўлим далолалатнома ёзувлари қайд этилган. Шунингдек, 13 минг 318 та никоҳ қайд этилган бўлса, 2 минг 58 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган. Ачинариси, ажрим ҳолатлари 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 756 тага кўпайган.

Мансур Ҳасанов.