Самарқандда дунё ёш олимлари хавфли касалликларни муҳокама қилишяпти
Анжуманда мамлакатимизда тиббиёт йўналишида фаолият юритаётган олий ўқув юртлари ҳамда Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби чет давлатлардаги бир қатор олийгоҳларнинг 300 га яқин олим ва талабалари қатнашяпти. Тадбирда тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, хусусан, кексаларда учрайдиган касалликлар, юрак қон-томир, ОИТС, хирургик ҳамда болалар касалликлари бўйича маърузалар тингланмоқда.
Жумладан, анжуманда Борис Ельцин номидаги Қирғизистон-Россия славян университетидан 11 ёш олим қатнашмоқда.
- Маърузаларимизда биз болалар хирургияси муаммоларини кўтардик, - дейди кафедра мудири Калибек Микиев. – Ўйлайманки, кўплаб илмий тадқиқотлар ичида энг аҳамиятлиси болалардаги ўпка эхинококкозидир. У Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда кўпроқ учрайди. Эхинококкоз – жигар касаллиги бўлиб, кейинчалик ўпка ва бошқа органларга ўтади.
Ёш мутахассиснинг сўзларига кўра, Бишкек болалар шифохонасига ўтган 10 йил ичида 1,5 минг бола шу касаллик билан ётқизилган. Учдан етти ёшгача бўлган 240 нафар бола операция қилинган.
- Бу касалликнинг хавфли томони шундаки, эхинококкоз болаларда узоқ вақт давомида яширин кечади, болани ҳеч нима безовта қилмайди. Ҳеч қаери оғримайди, тана ҳарорати меъёрда бўлади. Касаллик асоратлари сўнгги босқичда намоён бўлади, шунда фақатгина операция ёрдам беради, - дейди яна бир иштирокчи Камчибек Замирбеков. – Одам уни ёввойи ҳайвонлар гўшти ва терисига қайта ишлов бериш жараёнида, ювилмаган ёввойи резаворлар ва табиий ҳавзалардан сув ичиб юқтириб олиши мумкин.
Киров давлат университети талабаси Анна Аксенова эса кенг тарқалган ичак хасталиги – некротик энтероколитни операцион йўл билан даволаш усули ҳақида маъруза қилди. Бу касаллик янги туғилган чақалоқларнинг 5 фоизида учрайди.
- Бу ичак касаллиги оқибатида ичак тўқималари яллиғланиб, кейинчалик ўлади. Некротик энтероколит кўпинча вақтидан олдин ёки касал туғилган чақалоқларда учрайди. Аксарият ҳолларда бола дунёга келганидан 2 ҳафта ўтгач ривожлана бошлайди. 50-90 фоиз ҳолатларда чақалоқлар нобуд бўлади. Хасталикнинг ривожланишига асосий сабаб ичак бактерияларидир,- дейди у.
Таъкидлаш лозим, илмий-амалий конференция маърузалари “Биология ва медицина муаммолари” журналига киритилади.
Анжуман 12 майда ўз ишини давом эттиради.
Замира БОЛТАЕВА,
Олим СОННИБОЕВ