Самарқандда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш аҳволи қай даражада?

Самарқанд вилояти суди ташаббуси билан жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб тадбирлар ўтказилди.

Самарқанд вилоят судида, сўнгра Тойлоқ туманида ўтказилган йиғилишда республика Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков, вилоят суди раиси ва ўринбосарлари, вилоят маъмурий суди раиси ва судьялари, прокуратура, адлия, солиқ, қурилиш идоралари ходимлари, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ва Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишларда Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков юқорида таъкидланган ҳужжатлар мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳамда долзарблиги ҳақида тушунча берди. Бу борадаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш Олий суд судьялари ва суд аппарати ходимлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат ишчи гуруҳ зиммасига юклатилганлигини таъкидлади. Ишчи гуруҳга масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Самарқанд вилояти бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, вилоят суди раиси Олим Ҳайитов кун тартибидаги масала бўйича керакли тушунчалар берди.

Учрашув давомида ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек масъул ташкилотларнинг вакиллари иштирокида муҳокамалар, савол-жавоблар бўлди. Кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, келгусидаги амалга ошириладиган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.