Самарқандда фан олимпиадасининг республика босқичи бошланди

Айни пайтда Самарқандда республика фан олимпиадасининг хорижий тиллар бўйича якуний босқичи бўлиб ўтмоқда. Унинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Ҳоким фан олимпиадасининг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган ва республика босқичида қатнашаётган ўқувчиларни табриклади, барча иштирокчиларга омад тилади.

Икки кун давом этадиган олимпиада жараёнлари Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек номидаги физика-математика фанларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатида ташкил этилди. У ерда вилоятлардан келган ўқувчилар учун барча шароитлар яратилди.

Ўтказилаётган фан олимпиадасининг (IV) республика босқичида унинг (III) вилоят босқичларида ғолибликни эгаллаган жами 135 нафар 11-синф ўқувчилари ва академик лицей талабалари хорижий тиллар (инглиз, немис, француз) ҳамда тожик тили ва адабиёти фанларидан иштирок этмоқда.

Олимпиадаларнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Шунингдек, олимпиаданинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчиларга 1-ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, 2-ўрин учун – 35 баравари, 3-ўрин учун – 30 бараварида бир марталик пул мукофотлари берилади. Бундан ташқари, ўқитувчи маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи, бир марталик пул мукофоти ҳам ажратилади.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.