Самарқандда ҳашар кунлари кекса ва ногиронларнинг турар жойлари таъмирлаб берилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами олдидан юртимизда ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Самарқанд вилоятида ҳам кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимида штаб ташкил этилган. Штабдан олинган маълумотларга кўра ҳашарнинг биринчи куни барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида амалга оширилган ободонлаштириш ишларида 1 099 766 нафар аҳоли, шундан 642 291 нафар ёшлар иштирок этди. 

Ҳашар давомида вилоятнинг 1432 га майдони ободонлаштирилди, 2724 тонна чиқиндилар чиқариб ташланди, 2184 км ариқ-зовурлар тозаланиб, 943 та қабристон ва 43 та зиёратгоҳлар тартибга келтирилди. Бундан ташқари, 988 944 туп дарахтларга шакл берилди ва оқланди.

Ҳашар кунлари вилоятдаги  кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган 2000 та оилаларнинг 26 929 квадрат метр ҳажмдаги турар жойлари таъмирлаб берилди. Шунингдек, кўмакка муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларнинг 819 нафарига 51 925 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Айни пайтда ҳашарнинг иккинчи куни ҳам ҳамжиҳатликда қизғин давом этмоқда.

Тўлқин Сиддиқов.