Самарқандда ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади

Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра республика Давлат бюджети доирасида марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан амалга ошириладиган сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастури тасдиқланди.

Манзилли дастурга асосан Самарқанд вилоятининг қатор ҳудудларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланади. Жумладан, умумий қуввати 150,9 километр узунликда бўлган 34 та объект қурилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 69050,5 миллион сўм сарфланиб, 2019 йил якуни билан 33 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилади.

Масалан, Нуробод туманидаги “Хазормали” маҳалласи ҳудудидаги “Олға” аҳоли пункти ичимлик сув тизими (15,2 км), Самарқанд шаҳрида қурилаётган трамвай йўлини кесиб ўтувчи оқова сув қувурлари (3,8 км), Нарпай тумани “Исломобод” маҳалласи оқова сув тизими (3,6 км), Жомбой тумани маркази оқова сув тизимини қуришнинг 2-босқичи (3,0 км) амалга оширилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 20 та кўчанинг ичимлик сув тизимини реконструкция қилишнинг 2-босқичи (8,1), Каттақўрғон шаҳридаги “Кўрпа” ичимлик сув иншоотини реконструкция қилиш (4,2 км), Оқдарё тумани “Ғўлба”, “Пахтаобод” ва “Зарафшон” аҳоли пунктлари ичимлик сув тизимини қуриш (4,7 км),  Булунғур тумани “Каптархона” маҳалласи ҳудудидаги “Болғали” аҳоли пункти ва “Муғол”, “Эрганакли” маҳалласидаги аҳоли пунктлари ичимлик сув тизимини қуриш ва реконструкция қилиш (3,5 км) каби лойиҳалар бўйича ишлар олиб борилади.