Самарқандда жамоат транспорти муаммолари қачон ҳал бўлади?
- Самарқандга ваъда қилинган электробуслар қачон етиб келади?
- Йўловчилар электробусларга итлар... билан ҳам минишяптими?
- “А” махсус йўлаклардан нега фойдаланилмаяпти?
Вилоят транспорт бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб берилди.
Бошқарманинг транспорт шўъбаси бош мутахассиси Беҳруз Эргашевга кўра, бугунги кунда 6 та электробус ва 95 та сиқилган газ билан ҳаракатланувчи автобусларда кузатув камералари ва GPS лар ўрнатилган. Бироқ уларнинг аксарияти ҳозирча Диспетчерлик марказига уланмаган. Бир ой ичида уларнинг барчаси марказ билан тўлиқ интеграция қилинади.
Янги ташкил этилган Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Равшан Тожиев вакилининг маълум қилишича, жорий йил бошидан буён 2600 та йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини аниқлаб, далолатномалар тузилган. Уларнинг 1800 таси белгиланган йўналишдан ташқарига чиқиб ҳаракатлангани аниқланган. Вилоятда 30 дан ортиқ ноқонуний бекатлар борлиги аниқланган. Айни пайтда ҳужжатсиз йўловчи ташиган транспорт воситаларини тўхтатиб, уларни расмийлаштириб, қонуний даромад топишга йўналтирилмоқда.
Айтилишича, хориждан келтирилган электробусларда итлар учун ҳам махсус жой қилинган. Албатта тумшуқбони бўлса. АТТО ёки пластик карточкаларидан кунига 200-250 нафар йўловчи электрон тўлов қилишмоқда.
Шаҳримизнинг айрим кўчаларида жамоат транспорти учун махсус “А” йўлакларидан ажратилган бўлса-да, лекин ҳар доим ҳам автобусларнинг ҳаракатланаётганини кўрмаймиз. 2024 йил бошидан Самарқандга яна 94 та электробуслар олиб келиниши ҳақида ваъда берилганди. Бироқ...
- Дарҳақиқат, ўтган йили шаҳар бош режасига кўра, 10 кўчада махсус “А” йўлаклари ўрнатиш кўзда тутилган эди, -дейди вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси, Самарқанд шаҳар лойиҳаси раҳбари Отабек Раҳимов. – Ҳозирча, Бўстонсарой ва Ибн Сино кўчаларида махсус йўлаклар тайёрланган, аммо, молиявий қийинчиликлар туфайли йўл белгилари ўрнатилмагани учун ундан фойдаланмаяпмиз. Жорий йилнинг 15 апрелигача Хитой давлатидан келтирилиши айтилган 94 та электробусларнинг 30 таси келиб, йўналишларга қўйилади. Унгача алоҳида йўлаклар муаммоси ҳам ҳал бўлади деган умиддамиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.