Самарқандда маъмурий суд ишларини юритишга бағишланган тренинг ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 26-28 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида судьялар ва давлат бошқаруви органларининг ходимлари учун маъмурий суд ишларини юритишнинг назарий ва амалий масалаларига бағишланган тренинг бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги маъмурий суд судьялари, ҳокимликлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тренингнинг асосий мақсади: маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш, иштирокчиларнинг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарув органлари ходимлари ҳамда судлар ва судьяларнинг ўзаро алоқаларида ҳуқуқий кўникмаларини такомиллаштириш.
Уч кун мобайнида ўтказиладиган мазкур тренинг Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг тажрибасига асосланган ҳолда назарий ва амалий билимларни ҳаётий вазиятларда қўллаш кўникмаларини шакллантиради. Хусусан, маъмурий суд ишларини юритиш, унинг босқичлари ва шакллари, маъмурий ишларни кўришда қонун ости ҳужжатлар ҳамда маъмурий актлар тушунчаси ва турлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Иштирокчиларда Германия ва Россия давлатлари маъмурий судларидаги инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкиллаштириш ҳамда маъмурий ишларни кўриш принципларини қўллаш амалиёти ҳақидаги маълумот катта қизиқиш уйғотди.
Қатнашчилар суд амалиётида мавжуд муаммолар бўйича ўзаро фикр алмашиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Кўрилган халқаро тажриба асосида Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда маъмурий ҳуқуқчиликни ислоҳ қилиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.
Тренинг машғулотларини маъмурий суд судьялари Жаҳонгир Жўраев ва Жўрабек Неъматов ҳамда хорижлик экспертлар – Воронеж давлат университетининг юридик факультети декани Юрий Старилов, Новосибирск шаҳридан ҳуқушунос олим Константин Давидов олиб бормоқда.