Самарқандда моҳир ҳунармандлар иштирокида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади

2023 йил 16 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони Шердор мадрасасида ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилади.

Кўргазмада Самарқанд вилоятининг барча туман-шаҳарларидан тажрибали ва "Уста-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганаётган ёш ҳунармандлар иштирок этади. Кўргазмада 20 га яқин йўналишлар бўйича маҳсулотлар келтирилади. Жумладан, каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари ясаш, миниатюра, миллий либослар ва бошқа йўналишларда маҳаллий ҳунармандларнинг қўли билан ясалган буюмлар намойиш этилади.

Кўргазма-савдода ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини кузатиш, шу билан бирга, лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш, бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этиш, ўрганиш мумкин.

Кўргазмани ташкил этишдан мақсад - миллий ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотлар савдосида кўмаклашиш, хорижий ҳамкорларни жалб этиш, ички туризмни ривожлантиришдан иборат.

Миллий ҳунармандчилик кўргазмаси 16 июнь куни соат 17:00 дан 20:00 гача давом этади. Кўргазмага келинг ва ҳунармандлар маҳсулотларини кузатинг, сувенир совғалар, унутилмас кунлар учун ишланмалар, турли безакларни харид қилинг.