Самарқандда нуронийлар беллашди

“Бир нуроний-ўн ёшга масъул” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. 

2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида “Бир нуроний-ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, ҳар бир маҳалладаги ёшлар катта ҳаётий тажрибага эга ҳамда замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилиши белгиланган эди. Шунга кўра, вилоятда мавжуд 1126 маҳалладаги нуронийлар ёшларга бириктирилган.

- Мазкур ижтимоий лойиҳадан мақсад - ибратли ва катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларни жамият ҳаётига фаол жалб қилишдан иборат, - дейди «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакиллари тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилаларда барқарор муҳитни вужудга келтириш борасида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда фаол иштирок этаётган нуронийларни рағбатлантиришга қаратилган. 

Кўрик-танловда туман, шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллаган нуронийлар уч шарт бўйича беллашди. 

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Каттақўрғон шаҳри вакили Баҳриддин Шомаматов қўлга киритиб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди, иккинчи ўринни пайариқлик Исмоил Болтаев, учинчи ўринни нарпайлик Ҳамза Рўзимуродов эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчиларга пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалар топширилди.