Самарқандда прокуратура органлари томонидан 107 миллиард сўмлик зарар ундирилиб, бюджетга тушиши таъминланди
Вилоят прокуратураси органлари томонидан 2019 йилда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Фаолиятни ташкил этишда асосий эътибор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари, шунингдек, учрашувлар ва ҳудудларга амалга оширган ташрифларида белгилаб берилган вазифалари, Бош прокурорнинг топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлаш, тизимли камчиликлар ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди.
Айниқса, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида қўрилган чоралар, шунингдек, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг доимий равишда ўрганилиши натижасида 9 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, 3,5 минг нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси асосида 6,8 минг нафар шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Ноқонуний қарорларга 2,1 мингта протест келтирилди ҳамда судларга 17 миллиард сўмлик 1,2 мингта даъво аризалари киритилди.
Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 107 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши ва маҳаллий бюджетга тушиши таъминланди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 356 та жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.