Самарқандда қанча тадбиркорлик субъекти онлайн НКМдан фойдаланмоқда?
Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Фармонга асосан вилоятда жорий йилда 10240 та субъект онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассалардан фойдаланишга ўтиши белгиланган. Уларнинг 1983 таси алкоголь, тамаки, дори-дармон маҳсулотлари, бензин ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланади. Шунингдек, 688 таси ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси 5 миллиард сўмдан ошган, 7569 таси ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси 100 миллион сўмдан ошган ёки ушбу чегаравий миқдорга етган субъектлардир. Шу бугунги кунгача 4170 тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машинаси ёхуд виртуал кассалардан фойдаланаётганини таъкидлаш лозим. Хўш, онлайн назорат-касса машинаси қандай афзалликларга эга?
– Онлайн НКМдан фойдаланилганда касса дафтари ишлатилмайди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Мусурмон Мамадиёров. – Тўлов терминали ва НКМ интеграциялашганини қайд этиш жоиз. Шунингдек, бухгалтерия ҳисоботларини бажаради, кунлик “Z” ҳисоботларини кун якуни билан ўзи шакллантиради. Бундан ташқари, сотувда мавжуд ҳар бир маҳсулотларнинг кунлик сотилган ҳажми кун якуни билан жамланади. Онлайн НКМ харид қилган тадбиркорлик субъектларига уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.