Самарқандда қандай турдаги жиноятлар кўпайган ва қайси ҳудудларда?
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисининг қайд этишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан судланганлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 тага, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 46 тага, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 28 тага, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсади кўзланган жиноятлар, қонунга хилоф равишда сақлаш ва ҳоказолар 17 тага, безорилик 23 тага, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш 14 тага кўпайган.
Шу даврда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар Самарқанд шаҳрида 8 тага, Нарпай ва Оқдарё туманларида 7 тага, Каттақўрғон шаҳар ва Иштихон туманида 5 тага, Жомбой туманида 3 тага, Пахтачи ва Тойлоқ туманларида 2 тага ҳамда Паст Дарғом туманида 1 тага ортган.
Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 63 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган. Бу турдаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 та, Самарқанд шаҳрида 16 та, Жомбой туманида 4 та, Иштихон, Пахтачи ва Тойлоқ туманларида 3 та, Каттақўрғон шаҳар, Қўшработ ва Нарпай туманларида 2 та ҳамда Булунғур, Нуробод ва Оқдарё туманларида 1 та кўп содир этилган.
Шунингдек, безорилик жиноятлари 58 та ёки ўтган йилга нисбатан 23 та кўп, шу жумладан, Паст Дарғом туманида 6 та, Оқдарё ва Пахтачи туманларида 5 та, Каттақўрғон шаҳар ва Нарпай туманида 3 та, Каттақўрғон, Қўшработ ва Самарқанд туманларида 2 та, Жомбой ҳамда Тойлоқ туманларида 1 та ортган.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жиноятлари ўтган йили қайд этилмаган. Бироқ жорий йилда 14 та, Паст Дарғом туманида 5 та, Каттақўрғон шаҳри, Оқдарё ва Ургут туманларида 2 та ҳамда Самарқанд шаҳри, Пайариқ ва Пахтачи туманларида 1 тадан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жиноятлари кўриб чиқилган.
Судланганлик ортган шу тоифадаги ишлар бўйича жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, шу каби жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш борасида вилоят суди томонидан алоҳида режа ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланган.