Самарқандда қарийб 277,5 минг тонна дон қабул қилиш режалаштирилган

Айни пайтда Самарқанд вилоятида 3 та дон корхонаси, 3 та ғаллачилик кластери ҳамда 4 та уруғчилик корхоналарига қарашли 21 та дон қабул қилиш масканлари фаолият юритмоқда. Ушбу масканлар орқали жорий йил ҳосилидан 277 минг 498 тонна дон қабул қилиш режалаштирилган. Шундан, 137 минг 963 тоннаси давлат ресурси учун, 116 минг 535 тоннаси вақтинча сақлаш учун ҳамда 23 минг тоннаси уруғлик дон сифатида ажратилиши белгиланган.

Бугун “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан мазкур масканларнинг мавсумга тайёргарлик даражаси ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида дон қабул қилиш пунктларининг моддий-техник базаси, ишлаб чиқариш қувватлари ва санитария-гигиена ҳолатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, элеваторлар, омборхоналар ва айвонларнинг сиғими, асфальт майдонларининг таъмир ҳолати, лабораторияларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги текшириляпти. Булардан ташқари, ходимларнинг меъёрий ҳужжатлар билан таъминланганлиги, ўлчов воситалари ва таҳлилхона жиҳозларининг қиёсловдан ўтказилганлиги, электрон тарозиларнинг давлат кўригидан ўтганлиги назоратдан ўтказилмоқда.

Ортиш-тушириш воситаларининг созлиги, ёнғинга қарши воситалар, сув ҳавзалари ва брезентларнинг мавжудлиги, ишчи-ходимлар учун яратилган маданий-маиший шароитлар комплекс тарзда баҳоланмоқда.

Дон қабул қилиш масканлари бўйича тегишли хулосалар бериш ишлари олиб борилиб, мавсум давомида ушбу объектларда доимий мониторинг ва назорат ишлари давом эттирилади.

Бундай тизимли ва пухта ёндашув ғалла ҳосилини сифатли қабул қилиш, йўқотишларсиз сақлаш ҳамда давлат захираларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Х.САИДАҲМЕДОВ,

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси назорат қилиш бўлими бош мутахассиси.