Самарқандда "қорадори" савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
ДХХ вилоят бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Самарқанд шаҳри Юқори Хўжасоат маҳалласида яшовчи уч нафар шахс гиёҳвандлик воситалари ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлди.
Тойлоқ тумани ҳудудида улар “Nexia-3” автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тўхтатилган. Автоулов текширилганда автомашина салонида 5 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ҳолат холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Худди шундай ҳолат Ургут туманида ҳам кузатилиб, “Сариқтепа”, “Чинор” “Мўминобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи уч нафар шахснинг ҳам гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу гуруҳ туман ҳудудида 911 гр. “экстрактли опий”ни маҳаллий фуқарога 20 минг долларга сотаётган вақтда тезкор гуруҳ томонидан қўлга олиниб, холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Ҳозирда юқорида келтириб ўтилган ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.