Самарқандда сайёҳлар учун бепул хизмат кўрсатадиган уй очилиши мумкин
47 йиллик фаолияти давомида 138 мамлакатда бўлиб, сайёҳлик компаниялари, гидлар, таржимонлар ва ҳатто меҳмонхоналар хизматларига мурожаат қилмаган россиялик саёҳатчи ва ёзувчи Антон Кротов Самарқандга келди.
Регистон мажмуаси Шердор мадрасасида саёҳатчи ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда А.Кротов мустақил равишда дунё бўйлаб саёҳат қилиш, автостоп ва арзон транспортдан фойдаланиш, гидлар ва туристик агентликлари ёрдамисиз, хостеллар ва меҳмонхоналардан фойдаланмасдан турар жой топиш ҳамда таржимонсиз мулоқот қилиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
- 1991 йилдан буён мамлакатлараро саёҳат қиламан, - дейди Антон Кротов. - Саёҳат қилиш учун бой бўлиш, давлат ёки ҳукумат томонидан ҳомийлик, ҳатто яшаш учун жой шарт эмас. Саёҳатга чиққанда ҳар ким бепул яшаши мумкин бўлган алоҳида уйни, квартирани ижарага олади. Хориж мамлакатларида эса “Ҳамма учун уй” деб номланган бепул жойлар бор. Бундай уйлар аллақачон дунёнинг турли шаҳарларида - Иркутскдан Антананариву (Мадагаскар)гача очилган. Уларнинг сони бугунгача 75 тани ташкил этади. Лойиҳа 2006 йилдан бери мавжуд. Навбатдаги “Ҳамма учун уй”ни жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ҳам очишни режалаштиряпмиз.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, Антон Кротовга эсдалик совғаларини топширди.