Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда шу йилнинг дастлабки чорагида вилоят маҳаллий бюджетига 560,5 миллиард сўм маблағ туширилди

Бу ҳақда бугун - 5 апрель куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг олтмиш учинчи сессиясида айтилди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессияда депутатлар билан бирга кун тартибидаги масалаларга дахлдор мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.

Кун тартибидаги биринчи масала – 2019 йил I чорагида вилоят маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2019 йил II чораги бюджет параметрлари тўғрисидаги масала юзасидан вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Исмоилов маълумот берди.

Қайд этилишича, йилнинг дастлабки чорагида вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 109,4 фоизга бажарилган. Яъни, 512,3 миллиард сўм ўрнига 560,5 миллиард сўм маблағ туширилди. Лекин бюджет даромадлар режаси Нуробод туманида 77, Тойлоқ туманида 84 фоизга бажарилган. Шу даврда маҳаллий бюджетнинг харажатлар қисми 91 фоизга (1 триллион 18,8 миллиард сўм) ижро этилди.

Маҳаллий бюджет ижроси жараёнида ажратилган маблағлардан фойдаланилиши устидан олиб борилган назорат тадбирларида 560,2 миллиард сўмлик мақсадсиз харажатлар аниқланди. Жумладан, 26 та бюджет ташкилотларида кузатилган 405,3 миллиард сўмлик ортиқча харажат ва камомадлар бўйича тафтиш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Депутатлар халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг “Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги масалани муҳокама этиб, вилоят прокурори бошчилигидаги комиссия таркибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисидаги масала юзасидан вилоят ҳокими сўз юритиб, шу пайтгача амалга оширилган ишлар билан бирга, галдаги вазифаларга кўпроқ эътибор қаратди. Жами 206 та топшириқнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарурлиги ва бу борадаги назорат ишларини олиб боришда депутатлардан ҳам фаоллик талаб этилишини таъкидлади. Ҳозиргача йиғилиш баёнида белгиланган ва ижро муддати келган 87 та топшириқнинг 69 таси тўлиқ бажарилган. Бу борада мутасаддилар масъулиятини ошириш бўйича қарор қабул қилинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили (Омбудсман) Ш.Сафаров минтақавий вакиллик томонидан 2018 йил давомида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, ўтган йил вакилликка 36 та ёзма, 40 та оғзаки мурожаат тушган. Барча мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилган. Йил давомида вакиллик томонидан 22 марта шахсий қабул ўтказилиб, 32 нафар фуқаронинг дардлари эшитилган ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилган.

Шундан сўнг Самарқанд вилоятидаги 4 та сектор раҳбарларининг 2019 йилнинг I чораги давомида ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудда амалга оширган ишлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар секторлар раҳбарларининг фаолияти билан танишиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Бундан ташқари, сессияда “Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида”ги, “Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқовнинг аҳоли томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5199-сонли Фармони ижросини таъминлаш, фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳақида”ги, “Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3607-сонли қарори ижроси тўғрисида”ги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.