Самарқандда “TBC BANK”нинг биринчи рақамли минтақавий шоу-руми очилди

Грузиянинг 30 йиллик тарихга эга бўлган TBC банки 2020 йилда мамлакатимиздаги биринчи рақамли банк сифатида Ўзбекистон бозорига кириб келган. Банк пул ўтказмалари, кредитлар, муддатли тўлов, депозитлар, тўловларни амалга ошириш, банк карталарини бериш каби хизматларни рақамли форматда кўрсатиб келмоқда. Барча хизматлардан TBC UZ иловаси орқали фойдаланиш мумкин.

Бугун Самарқанд шаҳрида мазкур банкнинг минтақавий шоу-руми тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда TBC BANK бош директори Вахтанг Буцхрикидзе, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев ва бошқалар иштирок этди.

– Самарқанд шаҳри минтақадаги банк сектори ривожи борасида катта салоҳиятга эга, – деди Вахтан Буцхрикидзе. – Рақамли банк фаолиятининг кенгайиши ва шоу-рум очилиши банк муҳим вазифасининг бир қисмидир ва бу шаҳар аҳолисининг жадаллик билан рақамли маҳсулотлардан фойдаланишга ўтишига туртки бўлади, деб ишонамиз.

Банкнинг шоу-румлари стандарт банк филиалларидан тубдан фарқ қилади. Бу ерда банк хизматлари кўрсатилмайди, барча хизматларидан онлайн фойдаланиш мумкин. Ушбу шохобчалар фойдаланувчилари TBC UZ иловасида рўйхатдан ўтиш, тасдиқлаш жараёнидан ўтиб, тўлақонли мижозга айланиши, шунингдек, банк картасини олиш борасида малакали мутахассислардан маслаҳатлар сўраши мумкин. Бу шунчаки онлайн илова эмас, балки инсонлар учун яралган ҳамда оддий, шу билан бирга инновацион ечимларни тақдим этувчи бренддир.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг октябрь ойида юртимизнинг 7 та йирик шаҳарларида, жумладан, Бухоро, Қарши, Андижон, Жиззах, Қўқон, Урганч ва Фарғонада ҳам шоу-румлар очилиши кутилмоқда.