Самарқандда тест синовларига 383 нафар назоратчи танланди

2 сентябрь куни бошланадиган тест синовлари қачон, қаерда ва қандай тартибда ўтказилишидан жамоатчилик хабардор бўлди.
Тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун, ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади.
Самарқанд вилоятида тест синовларини ўтказиш мақсадида ҳозирда Самарқанд тумани, Конигил маҳалласи ҳудудида жойлашган спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари республика болалар-ўсмирлар спорт мактабининг 4 та майдони, Cамарқанд шаҳар “Локомотив” футбол стадиони, Cамарқанд шаҳар 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг Cартепа спорт мажмуаси стадиони ҳамда мазкур мактабга қарашли «Нурафшон» футбол стадионларида бир сменада 6120 нафар абитуриентга тест топшириш имконини берувчи жойлар тайёрланган.
Ҳозирда вилоятда тест синовларида жами 204 та гуруҳ учун олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, халқ таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимлар орасидан 383 нафар ходим гуруҳ назоратчилари сифатида танлаб олинди. Уларга жорий йилнинг 28-29 август кунлари тест тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, тест кунларидаги вазифалари тўғрисида маълумотлар берилган.
Назоратчиларга тўланадиган ҳақ миқдори Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича Давлат комиссиясининг 1-сон баёнига кўра, бир кунга 250848 сўм (даромад солиғи чиқариб ташлаганда 218238 сўм) миқдорида белгиланган. Бундан ташқари, назоратчилар учун аутсорсинг асосида Давлат тест маркази томонидан сифатли тушлик етказиб берилади.
Иккинчи сменада тест топширувчилар учун майдонларнинг ёритилганлик даражаси ҳам муҳимдир. Сабаби, иккинчи сменадаги тест синовлари соат 17:00 дан 20:00 гача давом этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари, “Самшаҳарнур” ташкилоти, Давлат тест маркази ходимлари куннинг қоронғу вақтида мазкур майдонларнинг ёритилганлик даражасини махсус асбоблар ёрдамида назорат қилади, зарур ҳолатларда қўшимча ёриткичлар ўрнатилади.
Ҳозирда барча майдонларда охирги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Абитуриентлар учун ҳам етарли миқдорда ичимлик суви, ручка, ниқоб, қўлқоп, бош кийим ва дезинфекцияловчи воситалар захираси келтирилган.
Жорий йилда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига 12 875 та, магистратурага 1098 та ўрин ажратилган.
Воҳид Сирлибоев,
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.