Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда тез орада хориждагидек мураккаб кўз операциялари амалга оширилади

Вилоят офтальмология маркази (кўз касалликлари шифохонаси)да  С.Фёдоров номидаги "Кўз микрохирургияси" тармоқлараро илмий-техника мажмуаси катаракта бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди, врач-офтальмолог Дмитрий Параконний вилоятимиздаги тиббиёт марказларининг кўз касалликлари шифокорлари учун маҳорат дарслари ўтмоқда.

Таниқли мутахассис масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Шёлково Агрохим-Узбекистан" Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси таклифига биноан бир ҳафтадан буён мамлакатимизнинг Бухоро, Хива ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлиб, маҳаллий мутахассисларга кўз касалликлари, хусусан, катарактани даволаш, уни ўз вақтида аниқлаб, жарроҳлик амалиёти ўтказиш усуллари ҳақида маълумот берди.

-Яқинда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун сўнгги русумдаги тиббий аппаратлар олиб келдик, - дейди шифохона бош врачи Саида Мирраҳимова. - Аммо мутахассисларимиз етарлича тажрибали эмас. Бир нечта ёш шифокорларга замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланишни ўргатяпмиз. Тез орада хориждагидек мураккаб операцияларни амалга оширишни бошлаймиз. Врач-офтальмолог Дмитрий Параконний тажрибаси шифокорларимизга жуда асқотади.