Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг Халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди

Самарқанд давлат тиббиёт университети икки кун давомида “Самарқанд — 2020” тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг IV Халқаро олимпиадасига мезбонлик қилди.

Унда Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 10 га яқин давлатнинг 125 та тиббиёт олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 5 минг нафарга яқин талаба офлайн ҳамда онлайн форматда иштирок этди.

Илм-фан беллашуви доирасида бир гуруҳ хорижлик профессор-ўқитувчиларга СамДТУнинг “Фахрий профессори” унвони ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаккурномалари топширилди.

Шунингдек, бу ерда чет эллик ва республикамизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган 30 га яқин маҳорат дарслари ташкил этилди.

Иштирокчилар икки босқичда — тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашади. Шу билан бирга, уларнинг билим ва маҳорати 7-авлод симулиацион роботлари ёрдамида синовдан ўтказилди.

Қолаверса, илк бор Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ҳамда хорижий тиббиёт коллежлари ўқувчилари ўртасида халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар, фаол қатнашчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.