Самарқандда тиббиёт туризми масканлари кўпаймоқда
Самарқандда тиббиёт туризми жадал ривожланмоқда ва Самарқанд туманидаги М-37 автомагистрали бўйлаб ўтувчи «Мотридагротехсервис» МЧЖ агрофирмаси ҳудудида жойлашган «Интрамед» юқори технологик тиббиёт марказининг қурилиши бунга мисол бўла олади.
Мазкур тиббиёт маркази энг замонавий техника билан жиҳозланган бўлиб, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган.
Марказ жарроҳлик ва онкология соҳасида тиббий хизматларни таклиф этади. Бундан ташқари, марказ ҳудудида 150 та номерга эга бўлган иккита меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Ушбу объект 2021 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа қиймати 80 миллиард сўмни ташкил этади.