Самарқандда топилган қадимий тошлар бўйича дастлабки расмий маълумот берилди: Қабртошлар XVII асрга оид

Бугун, 3 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида қадимий артефакт топилгани ҳақда хабар берилганди. Маданий мерос агентлиги мазкур топилма юзасидан дастлабки маълумотни тақдим этди.

Унга кўра, "Самарқанд халқаро аэропорти" МЧЖ ходимлари аэропорт ҳудудини реконструкция қилиш жараёнида олдинги дала-ҳовлилар ўрнида аниқланган қабртошлар ҳақида мутасаддиларга хабар берган. Мазкур хабар асосида бугуннинг ўзида Самарқанд археология институти ва СамДУ тарих факультети ходимлари томонидан бориб ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида ўлчами 154х50х34 сантиметрли сандиқ шаклидаги қабртош оқ мармардан ишлангани, тошнинг усти ва ён томонида "Бақара’" сурасининг 254, 256-оятлари туширилгани маълум бўлган. Қабртошнинг айрим қисмлари яхши сақланмагани, шахснинг дафн этилган вақти ва тўлиқ исм-шарифи ҳақида маълумот олиш жараёнини мураккаблаштираётгани айтилган. Дастлабки кўздан кечириш натижасида унда "Оқила биби" деб ёзилгани аниқланган.

“Иккинчи қабртош ҳам сандиқ шаклида бўлиб, қора мармар тошдан ишланган, унда ҳижрий 1049 (1659) йил санаси битилган, ўлчами 116х37х25 сантиметр. Қабртош соҳибининг исми ёзилган томонига шикаст етгани сабабли ҳозирча бу борада маълумот мавжуд эмас. Айни вақтда тадқиқот ишлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Қабртошлар "Самарқанд халқаро аэропорти" МЧЖ томонидан Самарқанд ўлкашунослик музейига олиб борилган. Ўрганишлар бўйича батафсил маълумот берилиши маълум қилинди.