Самарқандда туризм билан шуғулланувчи тадбиркорлар қанча? Уларнинг билими, савияси, имкониятлари қандай?

Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби мутахассислари билан ҳамкорликда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, ушбу йўналишда ўз фаолиятини бошлаш истагидан бўлганлар учун қисқа муддатли ўқув курси ташкил этган эди. Бугун ушбу курсни тугатганларга имтиёзли сертификатлар топширилди.

Туризм соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курси тингловчилари 10 кун давомида вилоятда туризмни ривожлантириш, тадбиркорларни жалб қилиш орқали автомагистраль йўл ёқаларида уй-меҳмонхона ва хостеллар сонини кўпайтириш, уларга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга бир хилда замонавий сервис хизмати кўрсатишни яхшилаш борасида тушунчага эга бўлишди.

- Самарқандни туристик салоҳиятига янада жозиба қўшадиган етакчи туристик фирмалари жуда кўп, - дейди «Ouzbek voyaces» фирмаси раҳбари Илҳом Ёрбобоев. – Уларнинг сони янада кўп бўлса, соғлом рақобат пайдо бўлади. Сайёҳларга яратилаётган шароитлар яхшиланади. Ушбу курсда туризм соҳасини янада ривожлантириш, тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар, субсидия ва кредит ажратиш шартлари бўйича маълумотларга эга бўлдик.

Ўтказилган ўқув курслари бепул равишда амалга оширилиб, унда касб-ҳунар мактабида эгаллаган касби бўйича ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш арафасида юрган ёшларга бизнес-режа ишлаб чиқиш, давлат реестридан ўтказиш, банкда ҳисобварақа очиш, кредит олиш шартлари ва тартиби бўйича атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда «Ouzbek voyaces» ва “Maftun turizm” сайёҳлик фирмаларининг брендинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Дилмурод Тўхтаев.