Самарқандда умумтаълим фанларидан миллий сертификат учун биология фанидан тест синовлари ўтказилди
Айни пайтда СамДУ биносида биология фанидан миллий сертификатлаш тизими учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилади.
Талабгор жавоблар варақасида 6 та бўлим мавжудлигига ўз эътиборини қаратиши шарт.
Тест синовлари учун 120 дақиқа вақт белгиланган.
Сертификат тест натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини олган шахсларга 3 йил муддатга берилади.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими ахборот хизмати.