Самарқандда хитойлик сайёҳлар учун шароит етарли эмас

Яқинда Хитой давлатидан бир гуруҳ талабалар Самарқандга келиб, бу ердаги ёшлар билан учрашди. Вилоят ёшлар маркази биносида ўтказилган анжуманда икки томон талабалари ҳам мамлакатларимиз, қадриятлар, урф-одат ва анъаналар, ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг хитой тили йўналишида таҳсил олганим учун Чин юрти талабаларининг мамлакатимиз ҳақидаги фикрлари мени жуда қизиқтирди. Хитойлик талабалар мамлакатимиздаги тарихий обидаларнинг мафтункорлиги, айниқса, Самарқанддаги зиёратгоҳларнинг эътибортортарлигини айтиши баробарида туризм соҳасида айнан хитойликлар учун баъзи камчиликларни ҳам таъкидлаб ўтдилар. Мисол учун, хитой тилида сўзлашувчи гид-таржимонларнинг етарли эмаслиги, шунинг учун бу хизмат тури бошқа тилларда сўзловчилар учун кўрсатиладиган таржимонликдан кўра қимматроқ эканини айтди. Шунингдек, сайёҳлик шаҳри ҳисобланадиган Самар­қандда хитой таомлари тайёрланадиган ошхоналарнинг мавжуд эмаслиги ҳам уларни ҳайрон қолдирибди.

Ҳақиқатан ҳам бу камчиликлар мавжудлигини олий таълим муассасасидаги таҳсилим давомида ҳис қилмоқдаман. Қолаверса, уни бартараф этиш учун чоралар олиб борилаётгани ҳам бор гап. Масалан, 2018-2019 ўқув йили давомида ушбу йўналишга 30 нафарга яқин талабалар ўқишга қабул қилинди. Олдин бу кўрсаткич 20 нафарга ҳам етмасди. Эндиликда талабалар сонининг ошгани бу масалада яхши томонлама ўзгаришлар бўлишига умид қиламиз.

Нигинабону ВАҲОБОВА.