Самарқандда хорижлик фуқародан товламачилик йўли билан 20 минг доллар олмоқчи бўлган шахс ушланди

Жорий йилнинг 16 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБга, Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи Ж.З. исмли аёл таниши, унинг қўл телефонида бўлган шахсий видео ҳамда фотосуратларини интернет ижтимоий тармоқларига тарқатиш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Аризага асосан Самарқанд вилояти ИИБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

1994 йил туғилган, Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида яшовчи Ж.З. ариза муаллифидан 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб ҳужжатлаштирилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.