Самарқандда яна бир фирибгарлик жинояти учун ҳукм ўқилди. Бу сафар қора курсида аёллар
Мазкур фириб тузоғига тушган дастлабки фуқаро Исроилга кетиш учун 11 минг доллар хизмат ҳақига рози бўлади ва 5 минг доллар беради. Кейинги жабрланувчи 14 минг долларга келишиб, 9 мингини беради.
Бу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна ўнлаб фуқаролар ишончига киради. Уларнинг турли қийматдаги пулларини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Аниқланишича, Лариса (исм, фамилиялар шартли) 2009 йилдан 2012 йилга қадар Исроилнинг Тел-Авив шаҳрида ошпаз бўлиб ишлаган. Шу вақтларда у ерлик фуқарога турмушга чиққан, бироқ 2012 йил охирларида уйига қайтиб 2019 йилда хусусий корхонасини ташкил қилган.
Тассуфки, туризм фаолиятини амалга оширувчи корхона раҳбари хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларга уларни ўз корхонаси орқали Исроилга юбориш, у ерда яхши шароит, иш ўрни билан таъминлаш ҳақида ёлғон ваъдалар берган. Бу гапга ишонганлар кўплаб топилгани янада ҳайратланарли.
Лариса мурожаат қилган фуқаролардан хорижга чиқиш паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси нусхаси, фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва паспорти нусхаси, ўқув марказидан тиббий курси сертификатини олиб келишини айтган. Ушбу ҳужжатларни Исроилга юборишини, у ердан шартнома келганидан сўнг элчихонага кириб суҳбатдан ўтишини, корхонаси офисида ташкил қилинган еврий тилини ўрганиш бўйича дарсларга қатнашиб туришини айтган.
Қарийб бир йилдан сўнг Лариса уларни алдаб юрганлигини англаб етган фуқаролар ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Мол ачиғи жон аччиғи эмасми, анчадан буён кўринмай қолган Лариса ушбу офисга қарши хонада кўрган жабрланувчилар тўполон кўтарган. Бу вақтда Мастура Эшниёзова келиб “Лариса сизларни Исроилга олиб бора олмайди, чунки бунақа ишлар унинг қўлидан келмайди”, деган. Агар рози бўлса бошқа киши орқали Исроилга ишга юборишини айтган.
У бунга рози бўлган Шоирани Ларисанинг опаси Моҳигул Рустамованинг уйига олиб борган. М.Рустамова ҳужжатларни кўриб чиқиб, айрим жойларини ўзгартириб келишини, Исроилга 12 минг долларга юборишини, бошланишида 2 минг доллар беришини, ушбу пулларни М.Эшниёзовага беришини билдирган. Қолган пулларни ҳам Мастурага беришини ва Ларисадан 5 минг долларни қайтариб олганлиги ҳақида тилхат ёзишни айтиб, ўқув маркази томонидан берилган сертификат ва туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхасини олиб қолган.
Бу гапларга қадар Шоира Ларисага чора кўришни сўраб Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд шаҳар бўлимига ариза берган. Шу боис бўлиб ўтган гаплар ҳақида уларга айтганидан сўнг тадбир ўтказилиб, М.Эшниёзова 2 минг долларни олган вақтда ушланган.
Албатта, жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, фирибгарлик йўли билан олинган пуллар қайтарилган. Аммо бу ҳолат жиноятчиларни муқаррар жазодан озод қилмайди. Шу боис, суд Ларисага ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Унинг опаси ва Мастура Эшниёзовага базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, давлат даромадига ундириш белгиланди.
Жабрланувчиларга судланувчиларнинг жиноий қилмиши натижасида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан даъвоси бўлган тақдирда, фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
М.Тўхтаев, вилоят суди судьяси,
Ф.Саматов, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.