Самарқандда яна бир "Талабалар турар жойи" очилди

Бугун ТАТУ Самарқанд филиалининг 400 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Махкамов ва бошқа масъуллар қатнашди.

Республикамизда айни вақтда 51 мингдан ортиқ ёшлар IT йўналишида таълим оляпти, - деди вазир ўринбосари Р.Каримжонов. – Афсуски, ҳали бу соҳада сифат яхши эмас. Жорий йилда 12 мингдан зиёд талаба IT йўналишида олий таълим муассасаларини битиради. Уларга етарлича иш жойлари мавжуд, фақат ёшлар бу соҳада янада кўпроқ ўқиши, изланиши лозим. Интернет, компьютер ва етарлича билим бўлса, IT соҳаси мутахассиси уйда ўтириб ҳам 2 минг доллар топа олади. Бўлажак IT мутахассисларини талабалар турар жойи билан табриклайман. Талабаларга яратилаётган бу каби шарт-шароитлар келажакда ўз мевасини беради, албатта.

Янги талабалар турар жойи Самарқанд шаҳар Уста Умар Жўрақулов кўчасида жойлашган бўлиб, унинг қурилишига 26 млрд. сўм сарфланди. Давлат хусусий шериклик асосида қурилган мазкур бино тўрт қаватдан иборат. Ҳар бир хона тўрт кишига мўлжалланган, унда тўртта кроват, стол-стул, шкаф ва алоҳида ювиниш хонаси мавжуд. Шунингдек, ҳар қаватда ошхона, кир ювиш хонаси бор. Талабалар ётоқхонада интернетдан бемалол фойдаланишлари мумкин.

- Янги талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилгани биз учун анча енгиллик бўлди, - деди компьютер инжиниринг факультетининг мультимедиа технологиялар йўналиши 1-курс талабаси Соҳиба Бўстонова. – Сабаби, биз автобусда филиалга тегишли талабалар турар жойидан қатнардик. Бу ётоқхона эса шундоқ ўқиш жойимизнинг ёнидан қурилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.